Пойтахтимизнинг барча туманларида жорий йилнинг 20 ноябрь – 20 декабрь кунлари “Ёшлар ойлиги” эълон қилиниб, ойлик доирасида Тошкент шаҳрининг барча туманларидаги умумтаълим мактаблари, маданият марказлари, театр, музей ва спорт объектларида 326 мингдан ортиқ ёш иштирокида 2 366 та маданий-маърифий, тарғибот ва спорт тадбири ўтказилди.
Ёшлар ойлиги доирасида жорий йилнинг 18 декабрь кунлари “Tashkent city”да жойлашган Конгресс холл мажмуасида Тошкент ёшлари форумининг тантанали очилиш маросими ва биринчи кун лойиҳалари бўлиб ўтди. Мазкур форумда иштирок этиш истагини билдириб, 7 минг нафардан ортиқ ёшлар www.tashkent 2020. uz сайтида рўйхатдан ўтди.
Дастлаб куннинг биринчи қисмида оммавий ахборот воситалари, блогерлар, кенг жамоатчилик ва ёшлар учун матбуот анжумани ўтказилди. Матбуот анжуманида форумнинг мақсад ва вазифалари, ўтказиладиган тадбир ва лойиҳалар ҳақида ахборот берилди.
Шундан сўнг ёшлар билан самарали мулоқот ўрнатиш, уларнинг таклиф ва истакларини ўрганиш мақсадида Бош вазир ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Жумладан, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов билан “Ижтимоий соҳа – 2030: таълим ва соғлиқни сақлаш тизими истиқболлари” мавзусида; Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, маданият вазири Озодбек Назарбеков, жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, “Ўзбеккино” миллий агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқовлар “Тошкентнинг маданий ва туристик қиёфаси” мавзусида тақдимотлар ўтказишди.
Адлия вазири Русланбек Давлетов, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов билан “Ҳуқуқий Тошкент – 2030” мавзусида; Бош вазир маслаҳатчиси Олимжон Умаров, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов, “IТ-парк” директори Фарҳод Ибрагимов билан “Рақамли Тошкент – 2030” мавзусида; Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов (Zoom платформаси орқали), молия вазири Тимур Ишметов, қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов билан “Тошкентнинг молиявий келажаги ва замонавий қиёфаси” мавзусида ёшларнинг учрашувлари бўлиб ўтди.
Шундан сўнг ёш моделерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Миллий либослар” кўргазмаси ташкил этилиб, ушбу лойиҳада 20 нафарга яқин ёш дизайнер ўз ишлари билан иштирок этди.
Очиқ мулоқотларда соҳада амалга оширилган ишлар ва келгусида режалаштирилган чора-тадбирлар юзасидан ёшлар билан фикр алмашилди, уларнинг таклиф ва ташаббуслари ўрганилиб, муҳокамалар ташкил этилди. Ушбу тадбирларда жами 4 500 нафардан ортиқ ёш иштирок этди ва шу билан форумнинг биринчи куни ўз ниҳоясига етди.
– Биз, ёшлар эртанги кунга катта ишонч билан яшамоқдамиз, – дейди Жаҳон тиллари университети биринчи курс талабаси Адолат Ҳасанова. –Президентимиз таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистонни бугунги ёшлар билан қурамиз. Бундай юксак масъулиятни шараф билан адо этаётган тенгдошларимизнинг халқаро миқёсда қўлга киритаётган улкан ютуқлари барчамизга ғурур-ифтихор бағишлайди.
19 декабрь куни спикерлар Азиза Қурбонова, Лазизбек Ҳамидов, Никита Макеренко, Хушнуд Худойбердиевлар билан “Ёшлар ва гендер тенглиги” ҳамда блогерлар мавзусида;
Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосари Атабек Ҳасанов “Тошкентнинг келажак лидерлари” мавзусида; “Дебют” қисқа метражли филмлар намойиши, спорт юлдузлари ҳамда “Тик ток” ва инстаграм юлдузлари билан учрашувлар ташкил этилди.
Пойтахтимизда фаолият олиб бораётган таниқли маркетологлар иштирокида Азизбек Юлдашев, Замира Раҳмонова, Диёр Мирзааҳмедов, Ферузхон Ёқубхўжаев “Marketing” мавзусида;
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Акмал Жумабоевлар иштирокида “Глобаллашув даврида ёшлар миграцияси” мавзусида; Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Абдулазиз Назиров “2020 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2021 йил устувор вазифалари” тўғрисида; Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев “2021 йил пойтахтда ёшлар ҳаёти” мавзусида тақдимотлар ўтказишди.
Тақдирлаш маросимида “Ўқувчи-ёшлар театр студияси” кўрик-танлови, “Янги Ўзбекистон” кўнгиллилар ҳаракати танлови, “Ёш китобхон оила” кўрик-танлови, “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивали, “Талаба-ёшлар” фестивали, “1+1” ишсиз ёшларни тадбиркорларга бириктириш лойиҳаси, “Квиз плиз” интелектуал ўйин лойиҳаси, “Янги Тошкент қиёфаси” лойиҳаси, “Мунозара” лойиҳаси, “Ёш журналистлар” лойиҳаси “Ҳоким стипендияси” лойиҳаси ҳамда “Шунқорлар” ҳарбий спорт мусобақалари ғолиблари муносиб тақдирланди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА