“Яшил ташаббуслар” (Green Initiatives) атроф-муҳитни муҳофаза қилади. Улар ҳавонинг ифлосланишини камайтиради, сув ва ер ресурсларини тежайди ҳамда табиий экотизимларни асрайди. Бундан ташқари экологик тоза технологиялар ва “яшил иқтисодиёт”да янги иш ўринлари яратишга, сармоя жалб қилишга ва жамиятни узоқ муддатли тараққиётга олиб боришга хизмат қилади.
АОКАда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ахборот хизмати масъул ходими Муроджон Нурматов иштирокида брифинг ташкил этилди.
Қайд этилишича, пойтахтимизда жорий йилнинг 19–21-июнь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилаётган "Eco Expo Central Asia 2025" экологик технологиялар халқаро кўргазмаси барқарор келажак йўлида глобал экологик ҳамжамият, саноат, давлат ва хусусий тузилмаларни бирлаштирадиган ҳаракат бўлиши кутилмоқда.
Кўргазма давомида экологиядаги сунъий интеллектдан тортиб сувни тежаш ечимларигача, яшил энергиядан экотуризмгача бўлган масалалар муҳокама қилинади. Туркия, Хитой, БАА, Япония, Корея Республикаси, Саудия Арабистони, Германия ва бошқа 25 дан ортиқ давлатдан экспонентлар иштирок этади. Бизнес учрашувлари, тақдимотлар, экспертлар панеллари, шунингдек, стартаплар ва экологик лойиҳалар тақдимотлари бўлиб ўтади.
Кўргазмада минтақанинг энг оғриқли экологик муаммоларидан бири — Орол денгизи масаласига алоҳида эътибор қаратилади, шунингдек, “яшил” транспорт, шаҳарларни ободонлаштириш ва экотуризмни ривожлантириш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олган.
Мазкур тадбирда иштирок этувчиларга қулайлик яратиш мақсадида Тошкентнинг бир нечта ҳудудидан "CAEx Uzbekistan" кўргазмалар мажмуасига бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА