Пойтахтимиздаги Марказий кўргазмалар залида Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан “Рассом ва жамият. Келажак санъати концепциялари” мавзуида ўтказилган IX Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда турли вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотлар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари, рассом ва ҳайкалтарошлар, дизайнерлар, санъатшунос олимлар, талаба-ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, халқ рассоми Акмал Нуриддинов мазкур биенналенинг юксак савияда ўтказилиши мамлакатимизда миллий санъат равнақи йўлидаги эътиборнинг яна бир амалий исботи эканини таъкидлади.
Давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши асосида Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси 2001 йилдан буён икки йилда бир маротаба Ўзбекистон Бадиий академияси ташаббуси билан қатор вазирлик ва идоралар кўмагида, дипломатик ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказиб келинмоқда.
У тасвирий санъат соҳасида маданий алмашинув, турли мамлакатлар замонавий ижодий салоҳияти билан танишув, замонавий санъатнинг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш учун очиқ майдон бўлиб хизмат қилаяпти. Биеннале кўргазмаларида жаҳон ва миллий санъат намуналари намойиш этилди. Замонавий тасвирий, концептуал санъатнинг хориждаги машҳур намояндалари билан ижодий тажриба алмашиш, мулоқотлар уюштирилди. Жаҳоннинг соҳадаги нуфузли илмий даргоҳлари вакиллари иштирокида илмий-амалий конференциялар ўтказилди.
IX Тошкент халқаро замонавий санъат Биенналеси нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу йил 35 та хорижий давлат, жумладан, Озарбайжон, Аргентина, Арманистон, Болгария, Беларусь, Бразилия, Бангладеш, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Нидерландия, Миср, Исроил, Италия, Испания, Эрон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Қувайт, Канада, Литва, Малайзия, Польша, Россия, Руминия, Сербия, АҚШ, Туркманистон, Тожикистон, Туркия, Тунис, Франция, Филиппиндан 40 нафарга яқин ҳамда юртимизнинг 50 нафар замонавий тасвирий санъат усталари иштирок этгани бунинг яққол исботидир.
Беш кун давомида ушбу Биенналеда хорижий рассомлардан 25 нафари офлайн, 12 нафари онлайн иштирок этади. Дастурга мувофиқ, Биеннале иштирокчилар томонидан жами 8 та ижодий кўргазма ўтказилади, 6 та маҳорат дарси ва маърузалар уюштирилди.
Биенналеда халқаро ва маҳаллий ижодкорлар тасвирий санъатнинг қатор замонавий йўналишлари – рақамли санъат, инсталляция, видео ва фото арт, шунингдек, рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик бўйича иштирок этдилар.
IX Тошкент халқаро замонавий санъат Биенналеси тадбирлари Ўзбекистон Бадиий академияси, Марказий кўргазмалар зали, Тошкент фотосуратлар уйи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси, Ўзбекистон Бадиий академиясининг ва Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг анжуманлар залларида бўлиб ўтди. Дастур доирасида хорижий иштирокчиларга Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилди. Хорижлик меҳмонлар мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнлари билан кенгроқ танишиш имконига эга бўлдилар.
Биеннале низомига асосан ғолиб иштирокчилар Гран-при, 1,2,3-ўрин асосида тақдирланди. Халқаро кўргазманинг ҳакамлар ҳайъати аъзолари қуйидагилардан иборат бўлди. Алессандро Карер – Гаруццо Фонди бош куратори (Италия), Анжани Кумар Синг –Бихар музейи раиси (Ҳиндистон), Юнус Сафардиёр – рассом, ҳайкалтарош (Буюк Британия), Кирилл Гаврилин – Россия Бадиий академияси мухбир аъзоси (Россия), Камола Акилова – Ҳайъат раиси, санъатшунослик фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси директори.
Биеннале ҳайъати қарорига кўра Гран-при – “5+1” ижодий гуруҳига (ўзбекистонлик рассомлар Диёр Розиқов, Нуриддин Расулов, Санжар Жабборов, Дониёр Шарафхўжаев, Шарифа Шарафхўжаева, Ўктам Саидов) «ТАН» лойиҳаси учун берилди.
IX Тошкент Халқаро замонавий санъат Биенналесида 1-ўринга Батухан Баймен шахсий кўргазмаси учун (Қозоғистон), 2-ўринга Линда Мария Вернер “Юза” видео-арт лойиҳаси учун (Германия), 3-ўринга Виктор Ан “Биометрик паспорт” фотосуратлар лойиҳаси учун (Ўзбекистон) муносиб топилди.
Шунингдек, юртимиз ва хорижлик ўн нафар ижодкор рағбатлантирувчи мукофотга муносиб топилди. Тадбирда ғолиб ва совриндорлар тантанали равишда тақдирланди.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири