Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент халқаро конференциясининг биринчи куни якунланди
21:16 / 2022-03-03

Пойтахтимиздаги “Hilton” меҳмонхонасида Юқори даражадаги “БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий ҳамкорлиги” халқаро конференциясининг биринчи куни ниҳоясига етди.

Европа Иттифоқи, Марказий ва Жанубий Осиё, Хитой, Россия, АҚШ, Яқин Шарқ ва бошқа мамлакатлар таҳлил марказларининг 600 дан ортиқ юқори мартабали расмийлари, етакчи экспертлари, халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этган анжуманнинг III секция йиғилишида икки нуфузли халқаро ташкилот - ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) ва ЕХҲТ вакилларининг тақдимоти намойиш этилди.

ШҲТ МАТТ вакили БМТ ГАТТни амалга ошириш бўйича Марказий Осиё мамлакатлари учун Қўшма ҳаракатлар режаси қоидаларини инобатга олган ҳолда, ШҲТ маконида терроризмга қарши ҳамкорлик” мавзусида чиқиш қилди.

Шундан сўнг “Жанговар ҳаракатлар давом этаётган ҳудудлардан қайтган аёллар ва болалар билан ишлашда гендер масалалари” мавзусида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакиллари Мануэль Эйзинг, Пьер фон Аркс, Серан де Лиде ва Олия Элмуродова қилинган ишлар юзасидан маълумот берди.

— “Барқарор ҳаёт” халқаро ижтимоий-маърифий маркази томонидан “Меҳр” операцияси доирасида Суриядаги ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидан юртимизга қайтарилган Ўзбекистон фуқаролари реабилитация ва реинтеграция қилинмоқда, — дейди Олия Элмуродова.

Умуман, анжуман иштирокчилари Тошкент конференцияси Марказий Осиё давлатлари ўртасида конструктив мулоқотни янада ривожлантириш, кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳар қандай кўринишдаги терроризм ва экстремизмнинг олдини олиш ҳамда ушбу иллатларга қарши курашиш муаммоларини ҳал қилишда ягона ёндашувни ишлаб чиқишга хизмат қилишини эътироф этдилар.

Улуғбек Маҳмирзаев, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА