Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди
11:20 / 2022-03-10

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раҳбарлигида Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий қўмитанинг йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоконференция тарзида ўтган йиғилишда тадбирга тайёргарлик кўриш бўйича чораларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди.

Тегишли вазирликлар, идоралар, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳисобот берди. 
Тадбирнинг турли йўналишлардаги ташкилий ва мазмунига доир масалаларни ҳал қилишнинг жорий ҳолати тўғрисида маълумот тақдим қилишди.

Мазкур тадбирни юқори савияда ўтказиш муҳим аҳамият касб этади.

Чунки бу тадбир мамлакатнинг халқаро ишбилармонлар ҳамжамиятидаги имижини мустаҳкамлашга, унинг инвестициявий жозибадорлигини юксалтириш, ҳамкор давлатлар билан инвестициявий муносабатларни кенгайтириш, халқаро молия институтлари ва ташкилотлар билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Йиғилиш давомида ҳал этилиши тегишли вазирлик ва идораларнинг тезкор ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларини талаб қилувчи қатор масалалар кўтарилди. Тегишли чора-тадбирларни биргаликда амалга ошириш алгоритмлари ишлаб чиқилиб, масъул раҳбарларга манзилли топшириқлар берилди.

Шунингдек, Тошкент халқаро инвестиция форуми тадбирларининг бизнес дастури кўриб чиқилди. Унинг доирасида имзоланадиган аниқ инвестициявий ва савдо битимлари рўйхатларини шакллантиришни назарда тутган ҳолда, форумни амалий мазмун билан бойтиш чоралари муҳокама қилинди. Тадбирнинг ҳозирги кунда ишлаб чиқилаётган лойиҳа ва дастурлар юзасидан қатъий келишувларга эришиш, тармоқлар ва ҳудудларнинг инвестициявий ва иқтисодий салоҳиятини намойиш этиш, шунингдек, хорижий мамлакатлар ишбилармон доираларини Ўзбекистонда ўз фаолиятини кенгайтиришга жалб қилишнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилишнинг ягона платформаси сифатида муҳимлиги қайд этилди.

Тадбир иштирокчилари ва меҳмонларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўзда тутилган барча санитария-эпидемиология тадбирларига риоя қилиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Йиғилиш якунида мутасадди раҳбарларга тадбирнинг ташкилий ва мазмунига доир масалаларини ҳал этиш бўйича манзилли кўрсатмалар берилди.

ЎзА