Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент халқаро инвестиция форумида иқтисодий салоҳият ва имкониятларимиз эътироф этилди
11:16 / 2022-03-29

Муносабат

Ўтган беш йил. Бу вақт оралиғида Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги бир даврига қадам қўйди. Бунда иқтисодий тармоқ ва соҳалардаги ислоҳотлар барча соҳа ва тармоқларда, ҳудудларда амалга оширилган ўзгаришларнинг қон томири бўлиб хизмат қилди.

Шу боисдан, мамлакатимизни келгуси беш йилда ривожлантиришга қаратилган Тараққиёт стратегиясида ҳам иқтисодий барқарорликни таъминлаш, инвестицион жозибадорликни янада оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 2022-2026 йиллар давомида мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва унинг жозибадорлигини ошириш орқали 120 миллиард АҚШ доллари, жумладан, 70 миллиард доллар хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсад қилинган.

Албатта, бу каби юқори ҳажмдаги инвестицияни ўзлаштириш учун Ўзбекистонда етарли даражадаги улкан салоҳият ва имконият мавжуд. Сабаби, Ўзбекистон 2017-2021 йилларда 80 миллиард АҚШ доллари миқторида инвестиция ўзлаштирган бўлса, унинг ҳам қарийб 1,5 йили дунё иқтисодиёти учун оғир бўлган пандемия даврига тўғри келади.

Шунингдек, Тараққиёт стратегияси доирасида Сурхондарё вилоятида “Инвесторларга кўмак маркази”, Навоий вилоятида Навоий кон-металлургия комбинати томонидан “Бизнесга кўмаклашиш маркази” ва Тошкент шаҳрида “Илғор лойиҳалар ва инжиниринг маркази” ва ҳар бир туманда “Инновация ва технология марказлари” ташкил қилиб, тадбиркорлар ва инвесторларга амалий ёрдам кўрсатиш, Тошкент шаҳрида ҳар йили “Тошкент халқаро инвестиция форуми”ни ўтказиб бориш каби вазифалар белгиланган эди.

Қисқа вақт ичида ушбу мақсадлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, ўтган ҳафтада Тошкент шаҳрида мамлакатимиз тарихида илк бор ўтказилган биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми фикримиз далилидир. Ушбу нуфузли форумда халқаро ташкилотлар ва молия институтлари ҳамда жаҳоннинг етакчи компаниялари раҳбарлари, мамлакатимизнинг асосий ҳамкорлари бўлган давлатларнинг юқори даражадаги вакиллари иштирок этди.

Юқори даражадаги форум доирасида дастлаб Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда сўнгги беш йилда амалга оширилган муҳим ўзгаришлар ва келгуси йилларда мамлакатимизнинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, бизнес муҳитини янада яхшилашга қаратилган муҳим йўналишларга тўхталиб ўтилган бўлса, хорижий инвесторлар томонидан қатор йўналишларда муҳим таклифлар илгари сурилди.

Шунингдек, анжуман доирасида иштрокчилар томонидан яшил энергиядан инновацион саноатга ўтиш, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш каби бир қатор масалалар муҳокама қилинди.

Натижада, форум доирасида умумий қиймати 7 миллиард 833 миллион долларлик 164 шартнома имзоланди. Келишувларнинг 97 таси инвестициявий, 67 таси савдо битимлари ҳисобланади. Хорижий инвесторлар, йирик хорижий компаниялар, вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий корхоналар ўртасида тузилган ушбу шартномалар орқали мамлакатимиз тараққиётига хизмат қиладиган қатор лойиҳалар амалга оширилади. Ушбу лойиҳалар ортидан яратиладиган минглаб янги иш ўринлари аҳолимиз турмуш фаровонлиги янада юксалишига хизмат қилади.

Энг муҳими, форум доирасида бугунги кунда Ўзбекистон  асрлар давомида дунёнинг турли минтақаларидаги савдогарлар, ишбилармон ва тадбиркорлар учун энг қулай савдо йўли бўлиб хизмат қилган Буюк ипак йўлининг марказида ўзига хос географик жойлашувига кўра, Шимол ва Жанубни, Ғарб ва Шарқни магистрал транзит коридорлари орқали боғлаб турадиган Марказий Осиё минтақасининг ўзаги вазифасини қайта бажаришга тайёр эканлигини намойиш этди.

Ушбу нуфузли форум нафақат Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиёти юксалишига, шу билан бирга, маданиятлар тўқнашуви, илм-фан ва технологиялар ривожланишига ҳам хизмат қилади. Бу эса, Ўзбекистон ўз олдига мақсад қилган Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА