Пойтахтимиздаги “Тashkent City” Халқаро ишбилармонлар маркази Конгресс-холлида Тошкент халқаро инвестиция форуми олдидан матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов сўзга чиқиб, мазкур форум халқаро кун тартибидаги муҳим воқеага айланиши кутилаётганини таъкидлаб, дастур ялпи йиғилишлар, алоҳида мавзуларга доир муҳокама ва давра суҳбатларига бой эканини қайд этди.
Матбуот анжуманида маълум қилинишича, 24-26 март кунлари бўлиб ўтадиган биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумида дунёнинг 56 мамлакатидан 1,5 мингга яқин киши, жумладан, турли давлатлар ишбилармон ва сиёсий доиралар вакиллари, молия институтлари, хорижий вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этади.
Айниқса, ушбу форумда қатнашиш учун Тошкентга келган икки нуфузли халқаро молиявий институт – Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банки президентлари анжуманга катта қизиқиш билдираётгани Ўзбекистон инвестиция салоҳиятини юксалтиришда беқиёс аҳамията эга экани қайд этилди.
Форумда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар кўламини кенгайтириш бўйича навбатдаги қадамлар тўғрисида ҳам сўз боради. Ҳукуматнинг мамлакатни стратегик ривожлантириш, хусусий секторни рағбатлантириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва бошқа йўналишлардаги устувор вазифалари белгиланади.
анжуманида вазир лойиҳалар ва ташаббуслар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболи ва амалий жиҳатларини муҳокама қилиш мақсадида Г2Г, Г2Б ва Б2Б шаклларида учрашув, музокаралар ўтказилишини эслатди.
– Ўзбекистон ва минтақа мамлакатлари инвестиция, савдо, саноат, транспорт ва транзит салоҳиятини очиб беришга хизмат қилувчи ушбу форум стратегик ташаббусларни муҳокама қилиш, халқаро бизнес ҳамжамиятига мамлакатимиз инвестиция имкониятини намойиш этиш учун яратилаётган янги майдон, – деди С.Умурзоқов.
Тадбир давомида республикамизнинг инвестициявий ва савдо имкониятини кенгайтириш, молия бозорини ривожлантириш истиқболи, маҳаллий саноатни модернизация қилиш ва рақамлаштириш, савдони либераллаштириш ва халқаро бозорга интеграциялаш чора-тадбирлари тўғрисида тақдимотлар ўтказилади.
Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган матбуот анжуманида журналистлар тадбирлар дастури, ялпи муҳокамалар ва давра суҳбатлари учун белгиланган мавзулар юзасидан муҳим маълумотларга эга бўлдилар, ўзларини қизиқтирган қатор саволларга жавоб олишди.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА