Тошкент халқаро инвестиция форуми бошланди
Пойтахтимиз йирик халқаро анжуманга мезбонлик қилмоқда. “Тashkent City” мажмуасининг Халқаро ишбилармонлар маркази хорижлик тадбиркорлар, Конгресс-холли эса йирик инвесторлар, юқори даражадаги меҳмонлар, халқаро ташкилотлар ҳамда молия институтлари вакиллари билан гавжум.
Форумнинг ялпи сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзламоқда.
Анжуман дастури панель сессиялари, алоҳида мавзуларга доир муҳокамалар, давра суҳбатларига бой бўлиши кутиляпти. Тошкентда икки кун давомида Ўзбекистон ва минтақа мамлакатлари инвестиция, савдо, саноат, транспорт ва транзит салоҳияти намоён бўлади. Энг муҳими, юртимиздаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, бу борадаги келгуси режалар ҳақида батафсил маълумот берилади.
Шу асосда ҳукуматнинг мамлакатни стратегик ривожлантириш, хусусий секторни рағбатлантириш, халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва бошқа йўналишлардаги устувор вазифалари ҳам белгилаб олиниши кўзда тутилган.
Г.Сатторова, ЎзА