Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида “Зукко китобхон” танловининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди. Унда барча шаҳар ва туманлардан 22 жамоа иштирок этди.
Белгиланган шартлар асосида қатнашчилар китобхонлик ва мутолаа маданияти бўйича ўз имкониятларини синовдан ўтказди. Якуний натижаларга кўра, барча шартларда пешқадамлик қилган Бекобод тумани жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Кейинги ўринларни Нурафшон шаҳри ва Олмалиқ шаҳри жамоалари эгаллади.
[gallery-14365]
– Бу каби баҳсларда мунтазам қатнашаман, – дейди Бекобод туманидаги 53-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Раъно Ҳотамова. – Танловда 7 ёшдан 70 ёшгача талабгорлар иштирок этиши мумкин. Бизнинг мактабимиз ўқувчилари китобхонлик, адабиёт ва шеърият тўгаракларига фаол қатнашади. Бунинг учун барча шароит яратилган. Мақсадимиз ёшларнинг билимини мустаҳкамлашдир. Бунда бизга турли кўрик-танловлар қўл келмоқда.
Маълумки, Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятдаги ёшлар ўртасида ҳам китобхонликни кенг тарғиб қилиш, уларнинг билим ва дунёқарашини бойитиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида самарали лойиҳалар йўлга қўйилган.
Айниқса, “Зукко китобхон” танловига мактаб ўқувчиларининг қизиқиши катта бўлмоқда. Вилоятдаги 1 минг 20 дан зиёд маҳаллада ёшлар етакчилари ташаббуси билан ўғил-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш чоралари кўрилган. Танловнинг вилоят босқичи ғолиблари ва бошқа жамоаларга ташкилотчилар томонидан пул мукофотлари топширилди.
А.Мусаев, Д.Эрназаров(сурат),
ЎзА мухбирлари