English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилоятининг сув хўжалиги тармоқларида замонавий технологиялардан кенг фойдаланилмоқда
15:32 / 2020-12-10

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда барпо қилинган аксарият сув хўжалиги объектларининг хизмат кўрсатиш муддати 50-60 йилдан ортиб, уларнинг техник ҳолати йил сайин ёмонлашмоқда.

Хусусан, ирригация тизими каналларининг 66 фоиз қисми тупроқ ўзанли бўлиб, бугунги кунда уларнинг техник ҳолати ёмонлиги натижасида сувнинг 37 фоизи ирригация тармоқларида фильтрация ва бошқа техник сабабларга кўра йўқотилмоқда.

Шу сабабли бундай салбий ҳолатларни бартараф этиш, соҳада замонавий технологияларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йил январь-ноябрь ойларида ирригация объектларида 580,5 миллиард сўмлик, мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 177,5 миллиард сўмлик ва мелиорация объектларини таъмирлаш-тиклаш бўйича 308,0 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилган.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Тошкент вилоятидаги сув хўжалиги ташкилотлари фаолияти билан танишиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган медиа-турда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.

Вазирлик мутахассисларининг таъкидлашича, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги билан биргаликда 61 та сув хўжалиги объектларида сув ресурсларини онлайн мониторинг ва назорат қилиш имконини берувчи “Ақлли сув” қурилмалари, 15 та сув хўжалиги объектларида об-ҳаво маълумотлари онлайн тарзда кузатиб борувчи қурилмалар ва жойлардаги вазиятни визуал назорат қилиш имконини берувчи кузатув камералари ўрнатилди.

Ушбу ишларни давом эттириш мақсадида жорий йил республика бўйлаб жами 91 та сув хўжалиги объектларида сув ресурсларини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилди. Жойлардаги насос станцияларда электр энергияси истеъмолини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи автоматлаштирилган тизимининг “beta” версияси ишлаб чиқилди.

Медиа-турда журналистларга Туябўғиз сув омборида ўрнатилган “Ақлли сув” қурилмасининг ишлаш жараёни, сув омбори қошидаги ёрдамчи хўжаликда балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик, деҳқончилик йўналишида олиб борилаётган ишларни кўрсатилди.  

– Мазкур сув омбори 1963 йилда ишга туширилран бўлиб, 250 миллион куб метр сув сиғимига эга, – дейди вилоят Сув омборларини бошқариш бошқармаси бошлиғи Шавкат Ғаффоров, - Унинг асосий вазифаси Тошкент вилоятидаги Ўрта Чирчиқ, Оққўрғон, Қуйи Чирчиқ, Пискент ва қисман Бўка туманларини сув билан таъминлайди. Жами 122 минг гектар ер майдонларини суғориш имкони бор. Бундан ташқари, сув омбори баҳорги ва ёзги сел сувларини талафотсиз назорат қилишга мўлжалланган. Иккита ўнг ва чап тармоқ каналлари орқали жамланган сувни белгиланган йўналишда тарқатади. Иш жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида мазкур сув омборида ҳам “Ақлли сув” қурилмасини ўрнатдик. Шунингдек, қўшимча тарзда ёғинрарчилик миқдорини аниқловчи ускуна ҳам ўрнатилди.

Эндиликда барча иш жараёни онлайн тарзда, масофадан туриб бажарилади. Авваллари сув сатҳини ўлчаш, белгиланган назорат тадбирлари кўп вақт ва меҳнат талаб этар эди. Соҳага жалб этилаётган замонавий технологиялар иш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.  

Ўз навбатида бошқарма мутасаддилари мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, ҳудудда ёрдамчи хўжалик ташкил этилган. Жумладан, махсус ҳовузларда Африка лаққа балиғи етиштирилмоқда. Шу билан бирга, қорамол, қўй ва парранда боқилади, ажратилган ер майдонида эса мева-сабзавот ҳам етиштирилади. Мақсад ишчи-ходимларга йил бўйи иш ҳақига қўшимча тарзда сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришдир.

Маълумки, соҳада замонавий тажриба сифатида самарали фойдаланилаётган садок усули – тўр қафасда балиқ боқиш ўзига яраша афзалликлари бор. Шу туфайли вилоят табиий сув ҳавзаларида ана шундай усулда балиқ парваришлаш кенг оммалашмоқда. Жумладан, Туябўғиз сув омборида ҳозир 9 та балиқчилик хўжаликлари томонидан айнан шу усулида сазан балиғи етиштирилади.

Тадбир давомида журналистларга Юқори Чирчиқ тумани “Саксонота” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Болта ариқ тармоғига ҳам борди. У ерда мутахассислар томонидан гидроузелдан Сув олувчи 2 та каналда ўрнатилган “Ақлли сув” қурилмалари ва уларнинг ишлаш жараёни ҳақида атрофлича маълумот берилди.

А. Мусаев, ЎзА