Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилоятининг ишбилармон аёллари аниқланди
12:11 / 2022-08-26

Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” маданият саройида “Ишбилармон аёл – 2022” кўрик-танловининг Тошкент вилоят босқичи ўтказилди.

Мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрами муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси депутатлари, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, партия Тошкент вилояти раҳбар, ходимлари, танловнинг туман-шаҳар босқичи ғолиблари, тадбиркорлар, партия фаоллари қатнашди. 

Дастлаб танлов доирасидаги кўргазмада вилоятда фаолият юритаётган салоҳиятли фермер, тадбиркор ва ишбилармон аёллар раҳбарлигидаги корхоналар маҳсулотлари намойиш этилди. 

Танлов иштирокчиларини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, O'zLiDeP, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Савдо-саноат палатаси вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари баҳолади. 

Ҳакамлар иштирокчиларга баҳо беришда уларнинг экспорт ва импорт салоҳияти, хорижий инвестицияларни жалб қилишдаги фаоллиги, ногиронлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашда амалга оширган хайрли ишлари, хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, уюшмаган аёлларга касб-ҳунар ўргатиш сингари жиҳатларини инобатга олди. 

Якуний натижаларга кўра, Паркент туманидаги “SHABNAM ELEGANT” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Сурайё Телакова биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўринга Ўрта Чирчиқ туманидаги “AGRO CITY” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилбар Аҳмеджанова муносиб топилди. Учинчи ўрин эса Оҳангарон туманидаги “OHANGARON RUSTAM AGRO” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Насиба Дадаматовага насиб қилди. 

– Бу галги танлов ғолибини аниқлаш ҳакамлар ҳайъатига осон бўлмади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилбар Усмонова. – Сабаби иштирокчиларнинг ҳар бири эътирофга лойиқ ютуғи, салоҳияти, ҳудуд иқтисодиётида тутган ўрнига эга. Бир тадбиркор аёлимиз хорижий инвестицияларни фаол жалб қилган бўлса, иккинчиси имконияти чекланган хотин-қизларни касб-ҳунарга йўналтирган. Яна бири ҳали 22 ёшда бўлишига қарамасдан ҳунар сирларини мукаммал эгаллаб, 20 дан ортиқ шогирдларни етиштирган. Буларни айтиб адо қилиб бўлмайди. Эндиликда аёлларимиз нафақат ўз оиласининг моддий фаровонлигини таъминлаяпти, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам муносиб ҳисса қўшяпти. Ўйлайманки, биз муносибларни холисона баҳоладик. 

Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилди. 



А.Мусаев, ЎзА