English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилоятининг 17 фоиз аҳолиси “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида овоз берди
14:23 / 2022-04-25

Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ҳар бир туман-шаҳар бюджетлари маблағларининг белгиланган миқдорларини “Фуқаролар бюджети”га йўналтириш орқали аҳолининг таклифлари асосида жойлардаги долзарб муаммоларни ечиш учун сарфланишига алоҳида эътибор қаратилган. Ўтган вақт давомида мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Тошкент вилояти бўйича Ташаббусли бюджет жараёнининг 2022 йил феврал-март ойларида ўтказилган мавсуми доирасида туман (шаҳар) бюджетлари ҳисобидан жами 112 миллиард сўмга яқин маблағлар йўналтирилди. “Очиқ бюджет” ахборот порталида фуқаролар томонидан 4 минг 498 та (2021 йилдаги 2 минг 329 та таклифга нисбатан икки баробар кўп) таклифлар илгари сурилди.

Мазкур таклифларни ҳудудий ишчи комиссиялар томонидан тегишли мезонларга мувофиқ саралаш жараёнлари якунига кўра 2 минг 225 та таклиф сараланиб овоз бериш жараёнига ўтказилди. Унда 504 мингдан ортиқ (вилоят жами аҳолисининг 17 фоизи) овоз берилди.

Маълумот ўрнида, 2021 йилда фуқаролар томонидан 1 минг 464 та таклифга 104 мингдан ортиқ (вилоят жами аҳолисининг 3,5 фоизи) овозлар берилган бўлиб, бу борадаги кўрсаткичлар 2022 йилда қарийб беш баробарга кўплиги фуқароларнинг ушбу жараёнга бўлган ишончи ва фаоллиги ортганини яққол кўрсатяпти.

Жорий йилнинг илк мавсумидаги овоз бериш жараёни якунларига кўра ажратилган маблағлар доирасида вилоят бўйлаб энг кўп овоз тўплаган жами 223 та (2021 йилда 114 та) лойиҳа “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали автоматик равишда ғолиб, деб топилди.

Бундан ташқари, Ташаббусли бюджет жараёнларида фуқароларнинг фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш ҳамда илгари сурилган лойиҳаларда акс эттирилган долзарб муаммоларни қисқа муддатларда бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 апрелдаги “Туман ва шаҳар бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш жараёнларида фуқароларнинг иштирокини янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2022 йилнинг биринчи чорагида ўтказилган Ташаббусли бюджет жараёнларида вилоят бўйича ҳар бири 2 мингдан ортиқ жами 22,9 минг овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 7 та (республика бўйича 139 та) лойиҳани амалга ошириш учун республика бюджетидан қўшимча равишда 5,3 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Овоз бериш жараёнлари бўйича ғолиб, деб топилган лойиҳаларда белгиланган ишларнинг тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши ҳамда ўз вақтида молиялаштирилишини назорат қилиш борасида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, Бош прокуратура томонидан доимий назорат ўрнатилган.

А.Мусаев, ЎзА