Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилоятидан Янгиҳаёт ҳудудига қўшилган маҳаллалардаги муаммолар ечим кутмоқда
12:23 / 2026-02-27

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаева Янгиҳаёт туманидаги “Тошкент”, “Чортоқ”, “Файзли” маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюриб, у ердаги маҳалла еттилиги билан ҳудудда мавжуд муаммолар юзасидан суҳбатлар ўтказди.

Мазкур учала маҳалла ҳам аввал Тошкент вилояти таркибига кирган бўлиб, ҳозирда Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт тумани таркибига киритилган. Ушбу ҳудудда сўнгги йилларда тизимли равишда йўлларни таъмирлаш, кўчаларни ёритиш, ижтимоий объектларни реконструкция қилиш ёки янгидан қуриш ишлари самарали олиб борилди. Аммо шунга қарамасдан ҳали кўплаб масалалар ўз ечимини кутиб тургани аниқланди.

— Ушбу маҳаллалар ҳудудида канализация, тоза ичимлик суви ҳали ҳам муаммолигича қолмоқда, — дейди депутат. — Ҳудудда дорихона, сартарошхона сингари аҳолига хизмат кўрсатувчи объектлар йўқ. Маҳаллаларнинг ички кўчаларида чироқлар ўрнатилган, бироқ уларни электр тармоғига улаш ишлари ҳали якунланмаган. Маҳалла идораларининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган.

– Маҳалла еттилиги фаоллари ижтимоий тармоқларда фейк хабарларнинг кўпайиб кетгани ва бунинг натижасида фуқаролар ёлғон маълумотга ишониб, турли асоссиз хулосалар чиқараётганидан ташвиш билдирди. Шу боис, аҳоли ўртасида ахборот маданиятини ошириш, тушунтириш ишларини кучайтириш ҳамда ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланиш бўйича тарғибот тадбирларини ташкил этиш муҳим. Бу борада маҳалла еттилиги вакилларига тушунчалар бердик, — дейди О.Абдуллаева.  

Ўрганишлар давомида депутат Янгиҳаёт туман ҳокимлиги мутасаддилари билан учрашиб, мавжуд масалаларнинг ечими юзасидан амалга оширилиши керак бўлган чора-тадбирлар хусусида келишиб олди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА