Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ комиссияси томонидан навбатдаги брифинг ўтказилди. Унда округ комиссияси раиси Улуғбек Тўхтаев ахборот берди.
Таъкидланишича, округ комиссияси ҳузурида ташкил этилган 4 нафар оммавий ахборот воситалари ходимларидан иборат Матбуот маркази ҳам иш фаолиятини бошлаган. Матбуот маркази округ комиссияси жойлашган бинода фаолият олиб бормоқда. Матбуот маркази томонидан округ комиссиясининг календарь иш режаси доирасидаги ишлар тегишли тартибда ОАВда ёритиляпти.
Маълумот учун Тошкент вилояти бўйича жами 958 та референдум участкалари ташкил этилди. Округ бўйича уларнинг тартиб рақамлари белгиланиб, манзили кўрсатилган ҳолда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди. Барча референдум участкалари тегишли қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар, зарур замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланяпти.
Жисмоний ҳаракати чекланган овоз берувчилар имкониятини эътиборга олган ҳолда биноларга нишаб йўлаклари барпо этилди. Жойлардаги участкаларнинг 10 минг 612 нафардан иборат аъзолари таркиби тасдиқланиб, “Референдум ўтказувчи участка комиссиялари тўғрисида” ги Низомга амал қилинган ҳолда гендер тенглиги, аъзолар сонининг бир ташкилотдан меъёри ошиб кетмаслиги таъминланди.
Ўз навбатида референдум участкаси комиссияси аъзолари таркиби шакллантирилганда кўп миллатликка ҳам алоҳида эътибор берилди. Жумладан, 30 нафар қорақалпоқлар, 1 минг 100 нафар қозоқлар, 208 нафар руслар, 425 нафар тожиклар, 7 нафар корейслар ва 171 нафар бошқа миллат вакиллари ташкил этмоқда. Участка комиссиялари таркиби тегишли талаблар асосида тузилган.
Шу кунларда Тошкент вилоятининг туман-шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси референдумига тайёргарлик кўриш жараёни бўйича жойлардаги масъуллар билан учрашувлар ўтказилмоқда. Унда референдум участка комиссияси вакилларига зарур тавсиялар бериляпти.