Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасида ташкил этилган фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича ҳамкорликдаги тезкор штаб ўз фаолиятини тизимли олиб боряпти. Штабга вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаевнинг ўзи бошчилик қилмоқда.
Вилоят ҳокимининг шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Барҳаёт Мелиев иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида журналистларга мавжуд техноген вазият бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилганидек, штаб аъзолари томонидан электр, ичимлик суви, иссиқлик ва газ таъминоти билан боғлиқ юзага келган носозликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, бугун, 26 январь куни соат 12:00 ҳолатига вилоят бўйича электр таъминоти 51 фоизни ташкил этмоқда. Бу 518 та маҳаллага электр тўлиқ етказиб берилаётганини англатади.

Ҳудудда жами 568 та сув иншоотларининг 334 таси ишлаяпти. Жойлардаги ижтимоий соҳа объектлари ва кўп қаватли уйларни қамраб олган жами 49 та қозонхонанинг 22 таси фаолият кўрсатмоқда.

– Мутахассислар томонидан аҳолига қулайлик яратиш мақсадида қолган коммунал соҳа объектларини ҳам иш фаолиятини одатдаги тартибга солиш чоралари кўрилмоқда, – дейди Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Б.Мелиев. – Афсуски, айрим жойларда электр таъминоти қайта тикланганидан кейин савдо мажмуалари ва хизмат кўрсатиш шаҳобчаларида қўшимча электр қуввати талаб қилувчи реклама мониторлари, турли чироқлар, қўлбола иситиш анжомлари ва электр асбоблардан тартибсиз фойдаланилаётгани вазиятни янада оғирлаштирмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, ҳозирги ҳолатни эътиборга олиб, фуқаролардан электр ва газ истеъмолида имкон борича тежамкор бўлиш талаб этилади.
А.Мусаев, ЎзА