“Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумидаги китоб-альбомларни бепул олиш учун сертификатларни топшириш бўйича навбатдаги акцияда Тошкент вилоятидаги мактаблар вакиллари иштирок этди. Бу гал 870 та таълим муассасаси 17 минг 400 дона китобни қабул қилиб олди.
“Ренессанс” кинотеатрлар уйида “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар: асрлар қаъридан таралаётган нур” мавзусидаги тадбирда сертификатларни топшириш маросими ташкил этилди.
Унда таъкидланганидек, тарихий обидалар эпиграфиясини тадқиқ қилиш ва тўлиқ шифрлаш борасидаги кўп йиллик саъй-ҳаракатлар туфайли ўзбек, рус, араб ва инглиз тилларида “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” кўп тилли 20 жилдлик туркум нашр этилди.
–Биз Тошкент вилоятидаги 870 та мактабга 20 жилдлик китоб-альбомларга сертификатларни топшириш бўйича учинчи тадбирни ўтказяпмиз, – деди лойиҳа муаллифи Фирдавс Абдухолиқов. – Мазкур маърифий тадбир Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз маданий-тарихий меросини ўрганиш ва асраб-авайлаш масалаларига эътибори, шунингдек, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар қанчалик чуқур ва аҳамиятли эканини яна бир бор намоён этди. Ўйлаймизки, юртимиз ҳукумати томонидан ажратилган маблағлар эвазига чоп этилаётган ушбу нашрлар эндиликда республикамиз фуқароларининг янги авлоди учун муҳим маърифий манбага айланади.
Ҳозир мактаб ўқувчилари ихтиёрига берилаётган чиройли тасвирларга бой китоблар шунчаки ўқув қуроли эмас. Улар ёш авлодни мамлакатнинг тарихий ўтмиши билан боғловчи кўприк вазифасини ўтайди. Болалар ва ўсмирлар мазкур альбомлар саҳифалари орқали буюк аждодларимизнинг ҳаёти, фалсафаси, маънавий интилишлари ҳақида ҳикоя қилувчи меъморий обидалар, эпиграфик ёзувлар билан танишишлари мумкин.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон бўйлаб ўрганилмаган эпиграфик ёзувларни ўрганиш ва шифрлаш бўйича илмий-тадқиқот ишлари ўзбек ва чет эллик олимлардан иборат ижодий гуруҳ томонидан амалга оширилган.
[gallery-17373]
–Мактаб кутубхоналари учун ажойиб воқеа – Ўзбекистон меъморий эпиграфиясига бағишланган китобларни олдик. Бу биз учун ҳақиқий хазина, чунки Самарқанд, Бухоро ёки Хивага ҳар бир ўқувчи, ҳатто ўқитувчиларнинг ҳам барчаси бора олмайди. Лекин, бу альбомлар туфайли фарзандларимиз тарихий меросимизнинг улуғворлигини кўриб ҳис қилади, меъморий ёдгорликларнинг аҳамиятини билиб олади. Биз, албатта, бу нашрлардан ўқувчиларимизнинг дунёқарашини кенгайтиришда, шу жумладан, турли кўргазма ёки ярмаркалар ташкил этишда фойдаланамиз, – деди Тошкент вилоятидаги 18-мактаб вакили Наргиза Ҳусайдинова.
Тадбирда ушбу китоб-альбомларнинг яратилиши ва унинг аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА