English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилоятида йил охирига қадар боғча қамрови 66,3 фоизга етказилади
17:06 / 2021-05-11

Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида Президентимизнинг жорий йил 12 апрелдаги «Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарори ижроси юзасидан тизимда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида брифинг ўтказилди.

Ҳудудда ҳозир 491 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 26 та ташкилотга қарашли, 120 та хусусий мактабгача таълим ташкилоти, 31 та давлат хусусий шерикчилиги асосидаги мактабгача таълим ташкилоти, 452 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Бунинг натижасида вилоят миқёсида 123 минг 834 нафар тарбияланувчи қамраб олинган.

– Тизимда ҳали қилишимиз лозим бўлган устувор вазифалар турибди, – дейди вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи С.Баратова. – Хусусан, мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш бўйича тизимли ишлар қилиш керак. 2021 йилда 3 та янги 360 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилиши ва 23 та давлат мактабгача таълим ташкилоти Инвестиция дастури асосида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, қўшимча 90 ўрин қувват яратиш белгиланди.

Оҳангарон туманида ҳомийлик асосида 8 та янги 1 минг 230 қувватга эга давлат мактабгача таълим муассасалари қурилади. Ангрен шаҳрида 2 та таъмирталаб гуруҳларни жорий таъмирлаб, қўшимча 60 ўринли қувват яратилади.

3-5 ёшли болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш учун 15 та 450 қувватга эга ташкилотда қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилади.

Ўз навбатида педагогика коллежлари негизида 3 та давлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил қилиш ҳисобига 750 нафар мактабгача таълим ёшдаги болалар қамраб олинади. Натижада, Тошкент вилоятида болаларни мактабгача таълим бошқармаси тасарруфидаги ташкилотларга қамраб олишни жорий йилнинг якунига қадар 66,3 фоизга етказиш режалаштирилган.

 

А.Мусаев, ЎзА