Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилоятида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг янги мавсуми бошланди
13:35 / 2023-03-03

Нурафшон шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғида "Яшил макон" умуммиллий ҳаракатида фаол бўлинг!” шиори остида кўчат экиш тадбири ўтказилди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятда бошланган мазкур акцияда Тошкент вилояти ҳокимлиги, ҳудуддаги корхона ва ташкилотлар ходимлари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, депутатлар ва фаол ёшлардан иборат 2 минг нафардан ортиқ иштирокчилар 1 минг тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди.  

Акциянинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқиб жараёнларга старт берди. Қайд этилганидек, шу кунларда Тошкент вилоятининг барча туман-шаҳар ва қишлоқларида дарахт экиш бўйича кенг кўламда иш олиб бориляпти. Ҳозир сайёрамизда атроф-муҳит муҳофазаси ва экологияга бўлган муносабат энг долзарб масалалардан бирига айланган. Бу борада амалга оширилиши керак бўлган кўплаб вазифалар орасида кўкаламзорлаштириш ва дарахт экиш, мавжудларини авайлаб-асраш алоҳида ўрин тутади.  

Афсуски, айрим шахсларнинг ўсимлик дунёси объектларига бўлган тажовузкор ҳаракатлари, жумладан, дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ ҳолатлар умумэкологик вазиятнинг ёмонлашишига сабаб бўляпти. Жумладан, 2022 йилда дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ 180 дан ортиқ ҳуқуқбузарлик аниқланган. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Тошкент вилоятида йилига 16 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали ҳудудлардаги яшил майдонларни ҳозирги 18 фоиздан 40 фоизга ошириш режалаштирилган.  

Айни пайтда лойиҳанинг баҳорги мавсумига старт берилди. Хусусан, 203,4 гектар майдонда 10 миллион 141 минг 900 дона дарахт ва бута кўчатлари экилади. 2023-2024 йилларда Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги "Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" ги фармонига асосан жойларда 50,8 гектар майдонда “Яшил жамоат парклари” ташкил этилади. Бунда 20 мингдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари экилади. Мазкур саъй-ҳаракатларни амалга оширишда вилоят ҳудудидаги 6 та Ўрмон хўжаликларидаги кўчатхоналарда парваришланаётган 15 миллион 568 минг туп, шунингдек, хусусий кўчат етиштирувчи 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларидаги 10 миллион дона кўчат захиралари мавжуд.  

Тадбир давомида яхши ниятлар билан жонлиқ сўйилиб, Қуръон тиловат қилинди. Кексалар юртимиз тинчлиги ва халқимизга фаровонлик тилаб дуо қилди. 3 кун давом этадиган дала ишларида 23 гектар майдонга катта боғ барпо этилади. Ҳашарчилар учун иссиқ овқат ҳам ташкил қилинган.  

А.Мусаев.  

ЎзА.