Тошкент вилоятида инвестиция дастурлари доирасида 763 лойиҳа ишга туширилиши натижасида 23 минг 296 та янги иш ўрни яратилган. Ўтган йилда 901,3 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган.
Фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари сони 61 минг, шундан 38 мингтани хўжалик юритувчи субъектлар (юридик шахс), 23 мингтани якка тартибдаги тадбиркорлар ташкил этган.
Бу рақамлар Сенат ялпи мажлисида қайд этилди. Парламент назорати доирасида Тошкент вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати натижалари муҳокамаси жараёнида вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилишда қатор ижобий натижаларга эришилгани таъкидланди.
Аҳолининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун шароит яратилгани туфайли Оҳангарон, Тошкент ва Зангиота туманлари юқори кўрсаткичларга эришган.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 30 минг 63 тадбиркорлик субъектига жами 743,5 миллиард сўм кредит ажратилган.
Шу билан бирга, сенаторлар томонидан айрим камчилик ва муаммолар ҳам мавжудлигига эътибор қаратилди. Хусусан, тадбиркорнинг фаолият кўрсатишига тўсиқ бўлаётган муаммолар, жумладан, бино-иншоотларни зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига ер, бино ва кредит ажратиш ҳамда солиқ тўлови бўйича низолар каби масалалар бартараф этилмагани сабабли вилоятда 2023 йилнинг 1 декабрь ҳолатига фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларининг сони 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 9,4 мингтага камайган.
Фаолият юритмаётган кичик бизнес субъектлари сони қарийб 20 мингтани ташкил этиб, ушбу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврига нисбатан Паркент туманида Ўрта Чирчиқ туманлари, Бекобод шаҳрида ҳамда Пискент ва Қуйи Чирчиқ туманларида ошган.
Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун (қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган) онлайн-аукцион савдоларга чиқарилган 218 та бўш турган 88,1 гектар ер участкаларидан жами 428 та ҳолатда ваколатли ташкилотлар томонидан келишиш ёки хулоса бериш муддатлари бузилган.
Бундан ташқари, вилоятдаги назорат органлари томонидан ўтказилган текширишларда 58 қонунбузилиши ҳолати, шундан 21 тасида ноқонуний текшириш ва 37 тасида текшириш ўтказиш тартибини бузиш ҳолатларига йўл қўйилган.
Жумладан, “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддати устидан назорат ўрнатилган бўлишига қарамасдан мурожаатларнинг 21,9 фоизи (126 та)да кўриб чиқиш муддати бузилган.
Туман (шаҳар) бўйича келиб тушган мурожаатлар тадбиркорлар сонига нисбатан таҳлил қилинганда Пискент, Бўка туманларида ва Оҳангарон шаҳрида мурожаатлар сони ошган.
Мажлисда тадбиркорликни янада ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этишда йўл қўйилган камчиликлар масъул вазирлик ва идораларга кўрсатиб ўтилди. Бу борада ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик соҳасида мавжуд талаблар ва тартиб-таомилларни соддалаштириш бўйича қатор таклифлар билдирилди.
Вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш борасида мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан ишлаб чиқилган “йўл харитаси” Сенатнинг тегишли қарори билан тасдиқланди.
Н.Абдураимова, ЎзА