Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилоятида сув тежовчи технологиялардан кенг фойдаланилади
10:38 / 2023-04-10

Президентимизнинг 2023 йил 1 апрелдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан Тошкент вилояти ҳокимлиги ёзги суғориш мавсумида кутилаётган сув танқислиги шароитида қишлоқ хўжалиги экин майдонлари ва иқтисодиёт тармоқларини сув билан барқарор таъминлашга алоҳида эътибор қаратади. Шу мақсадда сувни тежайдиган технологиялар кенг жорий қилинади. Ирригация тизимларида сув йўқотишлар камайтирилади.

1-апрелдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Шуни эътиборга олиб, бу йил режа бўйича Тошкент вилоятида жами 23,6 минг гектар майдонда қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш учун сув тежовчи технологиялардан фойдаланилади. Жумладан, 20,6 минг гектар (12,7 минг гектар пахта, 2,1 минг гектар боғ, 1,7 минг гектар ток ва 4,1 минг гектар бошқа) майдонларда томчилатиб суғориш қўлланилади. Шу билан бирга, 2,1 минг гектар (1,6 минг гектар ғалла, 240 гектар сабзовот-полиз ва 210 гектар озуқа) майдонларда ёмғирлатиб суғориш ва 1 минг гектар ерда эса экинлар дискрет усулда суғорилади. Натижада, 181 миллион метр куб сув, 6,5 минг тонна минерал ўғитлар ва 1,5 миллиард сўм маблағлар иқтисод қилинади.

Сув хўжалиги объектларини бошқариш ва рақамли технологияларни жорий этишда Юқори Чирчиқ туманидаги “Тошкент магистрал канали” гидроузели ва Оққўрғон туманидаги “Оққўрғон” гидроузеллари тўлиқ автоматлаштирилади. Жойларда 19 дона электродвигателлар ва 14 та насос агрегатларига сувни онлайн ўлчаш қурилмалари ўрнатилади.  

А.Мусаев,

ЎзА.