Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Тошкент вилоятида “Қорақалпоқ адабиёти кунлари” ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари шу йил 23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида бу буюк халқнинг беназир истеъдодлари, бетакрор ва мафтункор адабиёти ҳақида самимий фикрлар билдирган эди. Шу билан бирга мамлакатимиз бўйлаб “Қорақалпоқ адабиёти кунлари”ни ўтказиш ташаббусини ҳам илгари сурган эди.
Шу муносабат билан Тошкент вилоятида бўлиб ўтган тадбирлар муҳим адабий жараёнларга бой бўлди. Кун аввалида ижодкорлар гуруҳларга бўлинган ҳолда вилоятнинг сўлим Паркент ва Юқори Чирчиқ туманларига жўнаб кетди.
Қорақалпоқ адабиёти кунлари доирасида ижодий гуруҳ аъзолари иштирокида Паркент туманидаги 29-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳамда Юқори Чирчиқ туманидаги Миллатлар дўстлиги маданият саройида адабий учрашувлар, мушоаралар ўтказилди, дилбар куй-қўшиқлар янгради.
Шундан сўнг меҳмонлар Заркент қишлоғи ҳудудидаги бепоён узумзорларга саёҳат қилди. Гўзал табиат бағрида эсдалик учун суратларга тушдилар.
Қорақалпоқ ижодкорларига “Паркент” ижод уйида тушлик дастурхони ёзилди. Қорақалпоғистонлик ёзувчи ва шоирлар замонавий ижод уйининг имкониятлари ҳамда у ердаги қаламкашлар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Куннинг иккинчи ярмида Чирчиқ давлат педагогика университетида ташкил этилган якуний тадбирлар унутилмас таассуротларга бой бўлди. Тадбирлар доирасида қорақалпоқларнинг севимли адиби Шарап Уснатдинов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган ижодий анжуман ҳам кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Айтиш жоизки, ҳудудлардаги мазкур учрашувлар вилоят Ёзувчилар уюшмаси ва туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Н.Усмонова, ЎзА