Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилоятида ўзини ўзи банд қилганлар кўпаймоқда
17:44 / 2022-09-09

Қарор ва ижро

Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Тошкент вилоятининг туман-шаҳарларида аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча шароитларни яратиш бўйича самарали ишлар қилиняпти.

Хусусан, жойларда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар соддалаштирилган тартибда рўйхатдан ўтказиляпти. Қарор қабул қилингандан ҳозиргача ҳудудда ўзини банд қилган фуқаролар сони 132 минг 718 нафарга етди.

Биргина солиқ органлари ходимлари томонидан шу йил 31 август ҳолатига вилоят бўйича 49 минг 973 фуқаро мазкур йўналишда рўйхатга олинган. Жумладан, саноат тармоқлари, қишлоқ хўжалиги, ахборот коммуникация йўналишлари, маиший хизматлар кўрсатиш ва халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда фуқароларнинг бандлиги таъминланди.

Солиқ органлари ходимлари томонидан олиб борилган тарғибот тадбирлари натижасида энг чекка ҳудудларда фаолият юритаётган сартарош, этикдўз, новвой, темирчи, дурадгор, тикувчи каби 60 дан ортиқ фаолият тури билан шуғулланиб келаётган фуқароларга банк-молия билан боғлиқ масалаларда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Биргина мисол Тошкент туманидаги “Мустақиллик” маҳалласида жойлашган “Abfer unitex” оилавий корхонаси мана уч йилдирки ҳудудда яшовчи хотин-қизларни иш билан таъминлаб, оилаларнинг иқтисодий барқарорлигини сақлашга кўмаклашмоқда.

Корхона раҳбари Феруза Зарипованинг турмуш ўртоғи ёрдамида ташкил қилган оилавий корхонасида 8 хил йўналиш бўйича 30 нафардан ортиқ аёл иш билан таъминланган. Бу ерда ҳозир 70 хилдаги замонавий кийим-кечаклар тайёрланади. Қувонарлиси, корхонанинг мамлакатимиздаги деярли ҳар бир вилоятда жойлашган йирик савдо мажмуалари билан маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномалари бор. Ундан ташқари, хотин-қизларимиз томонидан яратилаётган трикотаж маҳсулотлари МДҲ давлатларига ҳам экспорт қилинади.

Ўрта Чирчиқ туманидаги "Халқобод" маҳалласида яшовчи Зулфия Боймакова жорий йилнинг май ойидан буён бошлаган паррандачилик бўйича кўрсатган натижасидан барча ҳайратда. Тадбиркорнинг наслли ўрдаклари сони ҳозирда 2 минг 200 тага етди. Улардан кунига 1200-1500 та тухум олади ва озиқ-овқат дўконларига улгуржи нархларда етказиб берилмоқда.

Тадбиркор фаолиятини ривожлантириш учун яқинда маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Ағзам Арзиқуловнинг ёрдами билан "Ҳар бир оила тадбиркор" дастури асосида 3 йил муддатга 14 фоизлик 66 миллион сўм миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилди. Унинг ҳисобидан паррандаларга ем ва озуқаларини ташиш учун махсус транспорт олинган.

А.Мусаев, ЎзА