Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилоятида округ комиссияси иш бошлади
14:33 / 2023-03-24

Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ комиссиясининг биринчи йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишни округ комиссияси раиси Улуғбек Тўхтаев бошқарди. Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги ҳамда Сенатининг 14 мартдаги қарорларига кўра, 2023 йил 30 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдуми ўтказилади.  

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 16 март куни ўтказилган мажлисида референдумни ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегараси доирасида 14 та референдум округи тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Референдумга доир қонунчиликка кўра, референдум ўтказувчи округ комиссияси аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари тавсияси асосида Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланди. Ўз навбатида, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳам Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ комиссияси аъзолигига номзодлар тавсия этилган. Шундан келиб чиқиб, референдум ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ комиссияси таркибига сайловга ҳамда референдумларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар орасидан комиссия раиси, ўринбосари, котиби ва 21 нафар аъзо номзоди депутатлар томонидан маъқулланган эди.  

Йиғилишда комиссия аъзолари томонидан зарур ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Унда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича иш режаси тасдиқланди. Шунингдек, комиссия аъзоларининг вазифалари тақсимланиб, референдумга тайёргарлик кўриш даврида округ сайлов комиссияси аъзоларининг навбатчилик жадвали белгиланди. Кун тартибидан ўрин олган барча масалалар аъзолар томонидан кенг муҳокама этилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.  

А.Мусаев, ЎзА