Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилоятида инвестиция ҳажми ошмоқда
13:20 / 2020-08-07

Эътиборлиси, улар томонидан умумий маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати 360 миллион 907 минг сўмни ташкил этади.


Бугунги кунда Тошкент вилоятига сармоя киритиш истагидаги инвесторлар кўпайиб бораётганлигини ҳудудда иқлим шароитининг яхшилиги, коммуникация тизимининг ривожлангани ва пойтахтга яқинлиги билан изоҳлаш мумкин. Кейинги пайтда истиқболли инвестиция лойиҳалари сони бирмунча ошгани ҳам фикримизнинг далилидир. Қолаверса, туман ва шаҳарларнинг жойлашуви, турли йўналишлар қамраб олингани эса лойиҳаларнинг бажарилишида ўз самарасини бермоқда. 

Айтайлик, қайсидир туман табиий шароитига кўра, қишлоқ хўжалиги учун қулай бўлса, яна бошқа ҳудуднинг хусусиятлари саноат йўналишига мослашган. Шу билан бирга, бугунги кунда энг ривожланиб бораётган йўналиш – хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси ҳам кун сайин оммалашиб бормоқда. Хусусан, вилоятда ҳудудий дастурлар доирасида жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида умумий қиймати 1 триллион 203 миллион сўмлик 89 та лойиҳа амалга оширилиб, 3 минг 753 та янги иш ўрни яратилди. 

Эътиборлиси, улар томонидан умумий маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати 360 миллион 907 минг сўмни ташкил этади. Жумладан, саноат соҳасида 905 миллион 755 минг сўмлик 54 та лойиҳа асосида 3 минг 160 та иш ўрни, хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида 190 миллион 459 минг сўм қийматга эга 20 та лойиҳа бўйича 422 та иш ўрни, қишлоқ хўжалигида 106 миллион 809 минг сўмлик 15 та лойиҳа туфайли 171 та иш ўрни ташкил этилди.

Қуйи Чирчиқда мош экспорти ривожланмоқда 

Қуйи Чирчиқ туманида фаолият олиб бораётган “GRAIN” масъулияти чекланган жамияти мош маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган бўлиб, шу йилнинг апрель ойида фойдаланишга топширилган. Замонавий технологиялар асосида иш юритаётган корхонага Хитойдан жами 1,5 миллион доллар қийматидаги асбоб-ускуналар олиб келиб ўрнатилган. Лойиҳа тўлиқ қувват билан ишга тушгач, 25 та янги иш ўрни яратилади. Корхонага асосан аҳолининг кам таъминланган, эҳтиёжманд қатлами вакиллари жалб этилган.

Мазкур жамият ишчи-хизматчилари ҳозирги пандемия даврида карантин тартиб-қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Жорий йилнинг январь-июнь ойлари давомида корхонада 843 минг доллар қийматидаги маҳсулотлар хорижга экспорт қилинди. Асосийси, бу каби корхоналар фаолияти туфайли ҳудудда ишбилармонлик муҳити янада яхшиланмоқда. 

Оққўрғон чеварларининг буюмлари харидоргир 

Оққўрғон туманининг “Толовул” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Оққўрғон Baraka Chevarlari” масъулияти чекланган жамияти тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Корхона Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда жамият аъзолари болалар ва катталарга мўлжалланган қулай ва сифатли трикотаж кийим-кечаклар тайёрлаш билан шуғулланмоқда. Йилига 1,5 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган корхона тўлиқ фойдаланишга топширилгач, 150 та иш ўрни яратилади.

Эътиборли жиҳати шундаки, корхонада ташкил этилган иш ўринларига, биринчи навбатда, ҳудуддаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар танлаб олиниб, уларнинг доимий бандлиги таъминланди. Эндиликда жамият маҳсулотлари нафақат ички бозорга, балки хориж давлатларига экспорт қилиш учун ҳам йўналтирилади.

Вилоятда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг аҳамияти шундаки, уларнинг фойдаланишга топширилиши ишсизлик муаммосига барҳам бериб, янги иш ўринлари яратилишига асос бўлмоқда. Шу билан бирга, ҳудудлардаги инфратузилманинг яхшиланиши, иқтисодий салоҳиятнинг юксалишига ҳам замин яратмоқда.