Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилоятида инвестиция лойиҳалари "маҳаллабай" амалга оширилади
19:01 / 2021-03-29

Тошкент вилоятида 2020 йил 56 та лойиҳага 309,2 миллион доллар, шундан 270,5 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш белгиланган эди.

Президент ташрифидан сўнг 

Амалда бу кўрсаткич ортиғи билан бажарилди. Жорий йилда эса 107 та лойиҳага 1 миллиард 95,5 миллион долларга тенг инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган.

Жорий йилнинг биринчи чорагида 48,5 миллион доллар режа 117 фоизга бажарилиши кутилмоқда. Вилоятга жалб этилган жами инвестицияларнинг 40 фоизи Хитой, 14 фоизи Жанубий Корея, 9 фоизи Россия 8 фоизи Туркия, 6 фоизи Англия, ва 23 фоизи бошқа давлатлар инвесторлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш бўйича 2019 йилда 36 та, 2020 йилда 43 та давлатлар билан ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширилган бўлса, 2021 йилда 52 та, 2022 йилда 57 та, 2023 йилда 66 та давлатлар компаниялари иштирокида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича музокаралар ва келишувларни имзолаш ишлари ташкил этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 18-19 март кунлари Тошкент вилоятида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик корхоналар фаолияти билан танишиш давомида 2021-2022 йилларда ҳудудда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари билан танишиб масъулларга бир қатор топшириқлар берган эди.

Бу ишларда маҳалла раислари янги ташкил этиладиган тадбиркорлар билан бирга банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштириш, малакасини оширишга ва даромадини шакллантиришга кўмаклашади. Бу саъй-ҳаракатлар бежизга эмас, албатта. Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига 1 минг 108 та лойиҳа киритилган. Бу лойиҳалар тўлиқ ишга туширилиши туфайли 52 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади, қўшимча равишда 500 миллиарддан ортиқ бюджет маблағлари ва 170 миллион доллар экспорт салоҳияти пайдо бўлади.

– Биринчи галда маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали маҳсулот турини кўпайтириш, таннархини пасайтиришга эришиш мумкинлиги айтиб ўтилди, – дейди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов. – Шунингдек, маҳаллий идоралар, вазирликлар тадбиркорлар билан доимий равишда бирга ишлаб, уларни инвестиция киритиши учун замин яратсак, аҳоли бандлиги ҳам таъминланади. Ўз навбатида янги лойиҳаларни "маҳаллабай" тарзда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун жойларда барча маҳаллаларнинг мавжуд имкониятлари ўрганилди. Бунда асосий эътибор ҳудуднинг иқтисодий имкониятларини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилади.

Ҳозир Тошкент вилоятида жами 1 минг 48 та маҳаллалар мавжуд бўлиб, шундан 86 таси «қизил» ҳудудга киритилган. Амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларни асосан мазкур маҳаллаларга жойлаштириш бўйича ишлар ташкил этилмоқда.

– Бу йил бошидан буён ишга тушган лойиҳалардаги янги иш ўринларига асосан «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган оилалар аъзолари жалб этилмоқда, – дейди Тошкент вилояти ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Нажмиддинхўжа Шарипов. – Бу орқали доимий даромадга эга бўлиш имконияти яратилмоқда. Хусусан, январь ойида Бекобод шаҳрининг 3-секторидаги Андижон маҳалласида жойлашган “Bekobod white milk” МЧЖ томонидан қиймати 1 миллиард сўм бўлган сутни қайта ишлаш корхонаси ишга туширилди. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган янги корхонада сутдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Натижада «темир дафтар» га киритилган 4 нафар фуқаро иш жойи ва доимий даромадга эга бўлди.

Зангиота туманидаги «қизил» ҳудудга киритилган Янгиҳаёт маҳалласида ҳам “National holding” қўшма корхонасининг қиймати 8 миллиард сўм бўлган кабель ишлаб чиқариш лойиҳаси жорий йил бошида ишга туширилди. Ушбу лойиҳа натижасида Бодомзор, Қаҳрамон, Далагузар ва Туркистон каби маҳаллаларнинг 40 нафар «темир дафтар»га киритилган оилалар иш ўрни билан таъминланди.

Юқори Чирчиқ тумани Шодлик маҳалласида эса бир неча йиллардан буён бўш турган собиқ қишлоқ врачлик пункитининг биноси бор эди. Тадбиркор Гулчехра Худойназарова ташаббуси билан бу ерда давлат хусусий шериклик шартлари асосида “Yulduzcha” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилди. Ушбу боғча 100 нафар тарбияланувчини қамраб олишга мўлжалланган бўлиб тўлиқ қувватда фаолиятини бошлади. Ҳозир бу ерда 4 нафар олий тоифали педагог иш бошлади. Авваллари ҳудудда МТТ йўқлиги сабабли Шодлик маҳалласи ва ёндош ҳудудлардаги болалар боғчаси қамрови 10-15 фоизни ташкил этарди. Эндиликда бу муаммо ижобий ҳал этилди.

Олмалиқ шаҳрида февраль ойининг бошида “Elegant Garment Textile” МЧЖ томонидан тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. Унда 800 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Айни пайтда 700 нафардан ортиқ хотин-қизлар ва ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлди.

Мазкур иш ўринларига асосан «қизил» ҳудудларга киритилган маҳаллалар, жумладан, Олмалиқ шаҳрининг Юксалиш, Пискент туманининг Дўстлик, Саитобод, Холиқберди, Бўка туманининг Янгибоғ, Даштобод, Оҳангарон туманининг Жалақудуқ маҳаллаларидаги «аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар иш билан таъминланди. Корхонада яна 100 нафарга яқин «темир дафтар»га киритилган оилалар аъзоларини ишга қабул қилиш режалаштирилган. Бу ерда болалар кийимлари, ҳар-хил турдаги футболкалар тайёрланади, 2021 йил учун 13 миллион доллардан ортиқ маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича шартнома мавжуд. Корхона раҳбарининг таъкидлашича, ўрта махсус маълумотли ёшларни босқичма-босқич олий таълим муассасаларида ўқитиш ва уларни малакали мутахассисларга айлантириш мақсад қилинган.

Маълумотларга кўра, Тошкент вилоятидан хорижга ишлаш мақсадида кетган фуқаролар 143,1 минг нафарни ташкил этади. Шундан 2020 йилда 5 минг 736 нафари, 2021 йилнинг январь-февраль ойида 30 нафари доимий иш ўрнига эга бўлган.

Таъкидлаш жоизки, жойларда мазкур ташаббусларнинг амалга оширилаётгани вилоятнинг иқтисодий имкониятини янада оширади. Хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик кенгаяди, ишсиз фуқаролар бандлиги таъминланади.

А.Мусаев, Т.Мамадаминов (сурат), ЎзА