Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилоятида ғалла ўрими бошланди
15:53 / 2023-05-27

Ҳар йили айни шу кунларда мамлакатимизда ризқ-рўзимиз ғалла йиғим-терим мавсуми бошланади. Олтиндай товланадиган далаларда иш қизғин ташкил этилади. Деҳқоннинг мавсум давомида қилган меҳнати кўринадиган вақт келди.

Тошкент вилояти Бекобод туманида бу саъй-ҳаракатлар бошқа ҳудудларга қараганда эртароқ бошланади. Табиийки, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳам барвақт етилади. Бугун эрта тонгдан ғалла майдонларда ўримга старт берилди. Шу муносабат билан ташкил этилган амалий семинарда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, вилоят ва туман сектор раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги вакиллари, кластер ва фермер хўжаликлари ходимлари ҳамда туманда ташкил этилган 41 та отряд аъзолари қатнашди.

Асосий эътибор мавсум олдидан уни йиғиб олиш ва сотишда янги тизим шаффофлиги, тўлақонли ва адолатли ишлаб кетишини ҳамда фермер хўжаликлари, ғаллачилик кластерлари манфаатдорлигини таъминлаш, ички бозорда ун ва дон маҳсулотлари нархининг ўсиши ва тақчиллигининг олдини олиш каби масалаларга қаратилди.

Семинар давомида техникаларнинг мавсум олдидан техник кўрикдан ўтказилгани, ёнғинга қарши воситалар билан жиҳозлангани, отряд аъзоларининг фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш, хавфсизлик бўйича билим ва кўникмалари кўрикдан ўтказилди. Йиғим-терим олдидан тумандаги Бузрук бобо зиёратгоҳида жонлиқ сўйилиб, эҳсон қилинди. Жойларда етиштирилган ҳосилни қисқа муддатда ўриб-йиғиб олиш мақсадида вилоятда 260 та отряд ташкил этилиб, шунча комбайнлар бириктирилди.

Бу йил 103 минг гектар майдондан 800 минг тоннага яқин сара дон ўриб олиш мўлжалланмоқда. Ҳосилнинг ўртача 30 центнери, 308 минг тоннаси давлат омбори ҳамда биржа савдолари орқали сотилса, қолган 492 минг тоннаси фермерларнинг ўзида қолиши режалаштирилган.

А.Мусаев, ЎзА.