Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилоятида “Док-1 Макс” дорисидан ўлим ҳолати кузатилмаган
15:33 / 2023-01-05

Ижтимоий тармоқларда “Тошкент вилоятида (Ўртасаройда) “Док-1 Макс“ дори воситасини истеъмол қилган 2 ёшли бола вафот этди”, деган мазмундаги хабарлар тарқалмоқда.

Ушбу хабар юзасидан Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси қуйидагиларни маълум қилади: Ҳозирги кунгача Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиалига “Док-1 Макс” сиропи истеъмоли натижасида заҳарланиш белгилари билан 9 нафар бола олиб келинган. Улардан 5 нафари соғайиб, уйига қайтарилди, 4 нафарининг аҳволи эса барқарор ҳолатда, уларга тегишли стандартлар асосида муолажалар давом эттирилмоқда. Шуни қайд этиш керакки, Тошкент вилоятидаги соғлиқни сақлаш муассасаларида шу пайтгача “Док-1 Макс” дори воситасидан заҳарланиш туфайли ўлим ҳолати кузатилмаган.  

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ҳозирда ҳудудлардаги барча дорихоналарда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ва туман-шаҳар тиббиёт бирлашмалари ходимлари томонидан ўрганиш олиб борилиб, “Қурамах” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари йиғиштириб олинган. Аҳоли орасида дори-дармонларни шифокор кўрсатмасисиз, пала-партиш истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари бўйича шифокор ва патронаж ҳамширалари томонидан уйма-уй юриб, тушунтириш олиб борилмоқда. Бу жараёнда хонадонлардаги шахсий дори қутилари ҳам кўздан кечирилмоқда.  

А. Мусаев,  

ЎзА.