Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилоятида давлат хизматлари кўрсатиш кўлами ошмоқда
16:35 / 2021-12-29

Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиликлар билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш мақсадида Оҳангарон шаҳар ва Оҳангарон туман Давлат хизматлари марказида журналист ва блогерлар учун медиа-тур ташкил этилди.

ОАВ вакиллари Давлат хизматлари маркази ва ФҲДЁ бўлимларида бўлиб, фуқаролар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Ҳозирги кунда бу ерга келувчилар учун она ва бола, тиббиёт хонаси, овқатланиш хонаси, мўъжазгина кутубхона, кутиш ва ўз-ўзига хизмат кўрсатиш жойларида қўшимча қулайлик мавжуд. Кенг ва ёруғ, шинам хоналарда аҳолига бир вақтнинг ўзида 160 дан ортиқ тезкор, қулай, шаффоф давлат хизматлари кўрсатилади. Электрон навбат тизими эса мониторларда акс этиб туради. Бу қулайликлар жисмоний ва юридик шахсларга янада тез ва сифатли хизмат кўрсатиш имконини бермоқда. ДХА Тошкент вилояти бошқармаси томонидан Оҳангарон шаҳар деҳқон бозори олдида, катта йўл ёқасида жойлашган махсус манзилда керакли давлат хизматдан фойдаланиш имконини берадиган “Йўл-йўлакай” хизмати жорий этилди. Медиа-тур иштирокчилари мазкур лойиҳа билан ҳам яқиндан танишди. Шундан сўнг, Оҳангарон туман Давлат хизматлари марказида журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.  

Бошқарма бошлиғи И. Абдусатторовнинг таъкидлашича, 2021 йилнинг ўтган 11 ойи давомида давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида бир қатор ишлар амалга оширилгани, жисмоний ва юридик шахсларга жами 745 минг 521 та хизматлар кўрсатилган. Бундан ташқари, аҳоли марказларнинг 12 мингдан ортиқ сайёр тартибда хизматларидан фойдаланган. Айни пайтда Тошкент вилоятида 22 та Давлат хизматлари марказлари фаолияти йўлга қўйилган. Бугун олис қишлоқларда марказларнинг 8 та филиали ташкил этилган бўлиб, улар орқали аҳолига 7 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилди.

 Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида туман ва шаҳар ФҲДЁ органлари томонидан 69 минг 223 та туғилганлик ҳолати қайд этилган. Никоҳдан ўтиш эса 23 минг 786 тани ташкил этди. Шу ўринда 3 минг 815 та ажрим ҳолати қайд этилди, 18 минг 715 та ўлим гувоҳномалари расмийлаштирилиб берилди. Матбуот анжуманида журналистлар тизимда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасидаги ўз таклифларини билдириб, 2022 йилдан йўлга қўйиладиган янги хизмат турлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан йўл қўйилаётган қонун бузилиш ҳолатлари билан ҳам қизиқди. Жумладан, 41 та хизмат кўрсатувчи ташкилотларда 35 маротаба ўрганиш, 15 маротаба мониторинглар ва 3 маротаба сирли мижоз тадбирлари ўтказилган. Натижада жами 29 мингга яқин қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Уларнинг 28 мингтаси аризаларни кўриб чиқиш муддатини бузиш бўлса, 199 таси тўғридан-тўғри хизмат кўрсатиш, яна 269 таси асоссиз рад қилиш ва 130 таси бошқа турдаги қонунбузилишларни ташкил қилди. Журналистлар ўзининг қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олди.  

 

А.Мусаев, ЎзА.