Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги 1-сон МКДПда контингент сифатида бириктирилган Давлат бошқарув ҳокимияти органлари ходимларини “COVID-19” билан эмланиш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, эмлаш жараёнлари билан бирга вилоятда аҳоли орасида коронавирусга чалинганларни эрта аниқлаш ва даволашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти. Хусусан, ҳудуд бўйича биринчи навбатда эмланиши лозим бўлган 65 ёш ва ундан юқори бўлган 138 минг 652 нафар ва тиббиёт ходимларидан 34 минг 164 нафар фуқаро коронавирусга қарши эмлаш учун режага киритилган.
Мутахассислар маълумотига кўра, эмлаш учун хавф гуруҳлардан юрак қон томир касаллиги билан оғриган беморлар 128 минг 430 нафар, қандли диабет билан касалланганлар 25 минг 701 нафар, сурункали респиратор касалликлар 30 минг 611 нафар, 8 минг 870 нафари хавфли ўсма касалликларини ташкил этиб, улар ҳам биринчилар қаторида эмланиши кўзда тутилган. Кейинги навбатда эса 45 минг 334 нафар мактаб ўқитувчиси, 16 минг 616 нафар МТМ тарбиячиси эмланиши кўзда тутилган. Ҳудудда жами 492 минг 333 нафар фуқаро emlash.uz тизимига киритилган.
Ҳозиргача жами вакцинациялар 358 минг 498 та дозани ташкил этиб, шундан биринчи бор вакцина қабул қилганлар 231 минг 515 нафарни, иккинчи дозани қабул қилганлар 98 минг 669 нафарни, учинчи марта қабул қилганлар эса 28 минг 218 нафарни ташкил этди. Бу режага нисбатан 107.40 фоиз деганидир.
Эмлашда асосан, ўзбек ва хитой олимлари томонидан яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидан фойдаланилмоқда. Муҳими, ушбу восита касалликка қарши кучли иммунитет ҳосил қилиши туфайли самараси юқори бўлаётганини мутахассисларимиз алоҳида қайд этмоқда.
Бундан ташқари, юртимизда эмлаш учун рухсат берилган ва вилоятга ажратилаётган бошқа турдаги вакциналардан ҳам фойдаланиляпти. Бу жараёнда шифокорлар томонидан аҳолининг тиббий ҳолати доимий назоратга олинган. Таъкидлаш жоизки, тизимли равишда маҳаллий давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари ҳам вакцина билан эмланяпти. Шу кунгача вилоят, туман-шаҳар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари билан бирга 27 киши эмланган.
Бу каби чора-тадбирлардан мақсад пандемия даврида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликка чалинганларнинг тузалишига ёрдам кўрсатиш ва касалланиш ҳолатларининг олдини олишдир.
А.Мусаев, ЎзА