French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилоятида боғчалар қамрови янада ошади
15:58 / 2022-12-29

Ўтаётган йил кўплаб соҳалар каби мактабгача таълимда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар қилингани билан аҳамиятли бўлди. Хусусан, вилоят миқёсида ҳукуматнинг тегишли фармон ва қарорлари асосида 7190 ўринли 45 та давлат боғчалари учун Республика бюджетидан 278 миллиард 65 миллион сўм маблағ ажратилди. Ҳозир ҳудуд бўйича боғча ёшидаги болалар 218 609 нафар бўлиб, уларнинг салкам 147 минг нафарга яқини 1733 та мактабгача таълим ташкилотига қамраб олинган.

Жорий йилда Инвестиция, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” давлат дастурларига асосан 40 та 4595 қувватга эга ДМТТ, 940 қувватга эга 8 та давлат-хусусий шериклик асосида,  1520 қувватга эга 19 та хусусий нодавлат, 7 440 қувватга эга 194 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилди. Эътиборлиси, боғчаларда болаларнинг соғлом овқатланишини ташкил этишни янада такомиллаштириш мақсадида аутсорсинг усули жорий этилмоқда.  

Бекобод, Нурафшон шаҳарлари, Ўрта Чирчиқ, Бўстонлиқ, Зангиота, Тошкент, Қибрай ва Янгийўл туманлари давлат мактабгача таълим ташкилотларида бу усулни тажриба-синовдан ўтказиш ишлари бошланган. Ҳозирда 126 та давлат боғчасида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш йўлга қўйилган. Шу билан бирга, 5 та туман-шаҳарда тарбиячи-педагоглар учун “Таълим лаборатория”лари ташкил этилиб, ҳозирда ушбу лойиҳага кўра 4 ойлик ўқув дастури асосида ҳафтада 3 маротаба тингловчилар “Болалар психологияси”, “Ўқитиш методикаси”, “Рус тили”, “Инглиз тили” йўналишларида МТТ педагоглари таҳсил оляпти.  

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган  мурожаатномасида келгуси йилда амалга оширилиши лозим бўлган 6 та йўналиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди. Шундан келиб чиқиб, Тошкент вилоятида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бўйича келгуси йил учун қатор устувор вазифаларни белгилаб олдик. Биргина 2023 йил якунига қадар болаларни мактабгачача таълим ташкилотига қамраб олиш 78.7 фоизга оширилади. Инвестиция дастури асосида 19 та давлат боғчасида реконструкция ишлари олиб борилиб, 2 та янги боғча қурилади. Шунингдек, 7 та давлат хусусий шерикчилиги асосидаги, 130 та оилавий, 4 та хусусий боғчаларни ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Мазкур саъй-ҳаракатлар туфайли тизим фаолияти янада яхшиланади.  

Сайёра Баратова,  

Тошкент вилояти мактабгача  

таълим бошқармаси бошлиғи  

ЎзА