Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилоятида 771 та кўп қаватли уй таъмирланиши режалаштирилган
12:22 / 2019-10-04

Тошкент вилоятида ҳам мазкур қарор ижроси доирасида "Йўл харитаси" ишлаб чиқилган. Унга кўра, куз-қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўрилаётир.


Қарор ва ижро 

Президентимизнинг 2019 йил 30 июлдаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори барча йўналишлар бўйича мавсумга пухта тайёргарлик кўрилишида муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтаётир.

Тошкент вилоятида ҳам мазкур қарор ижроси доирасида "Йўл харитаси" ишлаб чиқилган. Унга кўра, куз-қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўрилаётир.

Маълумотларга кўра, жорий мавсум олдидан вилоятда 771 та кўп қаватли уй таъмирланиши режалаштирилган бўлиб, айни пайтга қадар 686 таси жорий ва мукаммал таъмирланган. Қолган 85 та уйда олиб борилаётган таъмирлаш ишларини октябрь ойида тўлиқ якунлаш режалаштирилган. Тижорат банклари томонидан кўп қаватли уйларни таъмирлаш ишлари учун 23 миллиард 500 миллион сўм кредит ажратилгани ишларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишида муҳим аҳамият касб этаётир.

Вилоятдаги жами 4 минг 818 та кўп қаватли уй-жойдан 2 минг 303 таси марказлашган, 85 таси локал, 186 таси контрамарка, 24 таси якка иситиш печлари ҳамда 345 таси икки контурли иситиш мосламалари орқали иситилади. 2 минг 95 та марказлашган иссиқлик таъминотидан фойдаланадиган кўп қаватли уйларнинг ички иситиш тизими мавсумга тайёр ҳолга келтирилди. Дастурга асосан 31 та марказлашган қозонхона, 52 та қозон ҳамда 120 километр иссиқлик тармоғи жорий таъмирланди.

Иссиқлик таъминотига уланмаган кўп қаватли уйларни иссиқлик билан таъминлаш мақсадида жорий йилда имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан 1 минг 800 дан ортиқ хонадонга икки контурли қозонлар ўрнатилди. Йил якунига қадар яна 3 мингга яқин ана шундай иситиш қозонлари ўрнатилиши режалаштирилган.

– Вилоятда 2019-2020 йил куз-қиш мавсумига ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўрилмоқда, – дейди вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Рустам Холматов. – Мавсумга тайёргарлик юзасидан белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши таъминланмоқда. Бунда, айниқса, аҳолини газ ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган ой Янгийўл шаҳрида айнан шу йўналишда кузатилган муаммо ва ҳолатнинг ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинишидан маълум бўлдики, ҳали камчиликлар бор. Мазкур ҳолат сабаб нафақат Янгийўл шаҳри, балки вилоятнинг барча ҳудудларида газ ва электр энергияси йўналиши бўйича мавсумга тайёргарлик ҳолати таҳлил қилиниб, аниқланган муаммоли ҳолатлар бўйича зудлик билан зарур чоралар кўрилди.

Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 2 минг 437 километр электр тармоғи ва 773 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди. 9 минг 151 километр электр тармоғи ва 1 минг 709 та трансформатор пункти жорий таъмирланиб, ўтган мавсумда зўриқиб ишлаган 32 та трансформатор юқори қувватлисига алмаштирилди. Шунингдек, вилоятнинг нисбатан оғир ҳудудларидаги 10 мингдан ортиқ ёғоч таянчлар темир-бетонлисига алмаштирилди

Газ таъминоти бўйича 14 минг 231 дона маиший газ баллони захираси яратилиб, 932 километр қувур махсус асбоблар ёрдамида кўрикдан ўтказилди. 2 минг 653 километр қисми тозаланди. 14 та газ тақсимлаш пункти ва 15,1 километр газ қувури мукаммал таъмирланиб, 5,3 километр қувур реконструкция қилинди.

48 минг 52 та истеъмолчига 4 минг 518 тонна суюлтирилган газ ва 53 минг 723 дона маиший газ баллони етказиб берилди. Жорий куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга 4 минг 238 тонна суюлтирилган газ етказиб берилиши режалаштирилган. 20 та шаҳар ва туман ҳудудий газ участкалари омборида 14 минг 231 дона маиший газ баллони захираси яратилиб, аҳолига газ баллонлар етказиб бериш бўйича 20 дан ортиқ транспорт хизмати йўлга қўйилган.

Ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 69 та мактабгача таълим муассасаси жорий таъмирланди. Таъмирлаш ишларига 14,7 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Яна 44 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 123 та умумтаълим мактаби жорий таъмирланиб, 62 та мактабдаги 126 та локал қозон янгисига алмаштирилди. 4 та шифохона ва амбулатор поликлиника мукаммал, 24 та соғлиқни сақлаш объекти эса жорий таъмирланди.

Мухтасар айтганда, вилоятда куз-қиш мавсумига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Мавсумга тайёргарлик юзасидан белгиланган вазифаларни октябрь ойида тўлиқ якунлаш ҳамда 2019-2020 йил куз-қиш мавсумини турли нохуш ҳолатлар, таъминотдаги узилишларсиз ўтказиш режалаштирилган.