Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилоятида 661 нафар бемор гемодиализ олади
08:03 / 2021-09-24

Бир ҳамкасбимизнинг отаси буйрак хасталиги билан оғриб, гемодиализга муҳтож бўлиб қолди. Аввал бошида вақти-вақти билан гемодализ олиш учун вилоятдан Тошкентга келиб-кетарди. Бунинг ортидан эса қанчадан-қанча харажат ва яна 2 киши сарсон бўларди. Ҳамкасбимиз отасининг саломатлигидан қаттиқ сиқиларди, “яхшиямки, гемодиализ учун имкониятимиз етарли, отам билан бир вақтда хасталанган қанча беморлар гемодиализнинг имконини, тўловини қила олмай вафот этди”, дея куйиниб гапирарди.

Ҳозир ўша ҳамкасбимизнинг бемор отасини Тошкентга олиб келишга ҳожат қолмади. Чунки гемодиализ учун зарур аппаратлар вилоятларда ҳам  кўпайтирилиб, беморларга хизмат кўрсатилмоқда. Қолаверса, отахонда буйрак трансплантациясини амалга ошириш ҳаракатига ҳам тушиб қолишган.

Бугунги кунда Тошкент вилоятида ҳам 661 нафар бемор гемодиализ олади, 112 нафар бемор буйрак трансплантациясини ўтказган. Вилоятда 65 та сунъий буйрак аппарати мавжуд. Бу эса ҳудуддаги буйрак билан хасталанган беморларга қулайлик яратмоқда.

Сўнгги пайтларда инсон аъзолари ва тўқималарини кўчириб ўтказиш билан боғлиқ оғир хасталиклар, беморлар сони ортиб бормоқда. Шу пайтгача моддий томондан имконияти етарли одамлар катта пул билан чет мамлакатларда ушбу жарроҳлик амалиётини ўтказиб келарди. Аммо ҳамманинг ҳам имконияти, шароити буни кўтармайди.

Юртимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида эндиликда Ўзбекистонда ҳам бундай операцияларни ўтказиш имконияти юзага келди. Бу эса, ўз навбатида, мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи қонуний асослар яратилишини тақозо этади. Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Аввал хабар берилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва девон ходимлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари ҳамда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимларидан иборат ишчи гуруҳи аъзолари ҳудудларда бўлиб, “Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маромига етказиш мақсадида кенг жамоатчилик, соҳа мутахассислари ва беморлар билан юзма-юз мулоқот қилишмоқда, мазкур соҳадаги муаммоларни ўрганишмоқда.

Ишчи гуруҳи аъзоларининг Тошкент ва Янгийўл туманларидаги ўрганишлари ва тарғибот учрашувлари ҳам таклиф ва тавсияларга бой тарзда ўтди. Унда иштирокчилар инсон аъзолари ва тўқималарини кўчириб ўтказиш амалиётини хорижда катта маблағ ва вақт сарфламасдан Ўзбекистонда ҳам амалга ошириш мумкинлигига урғу бердилар.

Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси борасида қонунчилигимизда белгиланган нормалар бугунги кун талабларига мос эмаслиги, шу боис, мазкур қонун лойиҳасида аниқ тартиблар белгилаб берилаётганлиги таъкидланди. Шунингдек, қонун лойиҳасига криминал ва коррупциянинг олдини олишга қаратилган қатор таклифлар берилди.

Ишчи гуруҳи аъзолари гемодиализ муолажасини олаётган беморлар билан учрашдилар. Беморлар бу қонун лойиҳаси жуда долзарб эканлигини, айни дамда гемодиализ муолажасини олаётганлар кўплигини, улар трансплантацияга жуда муҳтож эканликлари тўғрисида гапирдилар. Гемодиализ муолажасини олаётган, транслантацияга муҳтож беморларга ушбу амалиётни юртимизда амалга ошириш юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Ишчи гуруҳининг ҳудудлардаги ўрганишлари давом этмоқда.

Муҳтарама Комилова, ЎзА