Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси томонидан брифинг ўтказилди.
Унда округ комиссияси раиси Улуғбек Тўхтаев ва комиссия аъзолари ахборот берди. Қайд этилганидек, сайлов жараёнида фуқароларнинг ўзлари танлаган номзодга овоз беришини ташкил этиш, сайлов участкалари ва комиссиялар фаолиятини самарали йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.


10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси ҳам ҳудудда тизимли ишларни олиб боряпти. Маълумки, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Муддатидан олдин овоз бериш 2023 йил 28 июнидан бошланди ва 5 июль куни тўхтатилди. Сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланади.
Тошкент вилоятидаги сайлов участкаларида барча шароитлар яратилиб, етарли сайлов бюллетенлари билан таъминланган. Хусусан, муддатидан олдин овоз бериш кунлари жойлардаги сайлов участкаларида жами 66 минг 170 нафар сайловчи ўзи танлаган номзодга овоз берди.


Сайловнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни жуда муҳим. Шунинг учун сайлов билан боғлиқ барча жараёнлар журналистлар учун очиқ ва ошкора ташкил этилмоқда. Бунинг учун 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси ҳузурида 4 нафар оммавий ахборот воситалари ходимларидан иборат Матбуот маркази ташкил этилган. Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилган оммавий ахборот воситалари ходимлари сайлов кампанияси тадбирларини фаол ёритиб бормоқда. Шу пайтгача вилоят бўйича 60 нафардан ортиқ ОАВ ходимлари аккредитациядан ўтказилди. Брифинг доирасида вилоят журналистларига аккредитация гувоҳномалари топширилди.
А.Мусаев,ЎзА.