Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилоятида 2021-2022 йилларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик март ойидан бошланади
09:57 / 2021-03-11

Тошкент вилояти Халқ қабулхонаси биносида "Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш жараёнларида очиқлик ва шаффофликни янада кучайтириш" мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда вилоят ҳокимининг шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Барҳаёт Мелиев ва соҳа мутахассислари амалга оширилаётган ишлар, янги лойиҳалар ва режалаштирилган ишлар юзасидан атрофлича маълумот берди.  

Ҳудудларда кўп квартирали уйлар ва ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик, ичимлик сув, электр энергияси, табиий газ билан тизимли таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2020 йилда 390 та кўп қаватли уй 7,1 миллиард сўм тижорат банкларининг кредит маблағлари эвазига жорий ва мукаммал таъмирланди. Бугунги кунда 1 минг 560 та кўп қаватли уй-жойлар таъмирталаб ҳолатда.  

Соҳага бошқарув сервис компаниялари фаолиятини йўлга қўйилиши туфайли кўп йиллардан буён йиғилиб қолган муаммолар бартараф этила бошланди. Айни пайтда бундай компаниялар Ангрен, Бекобод, Чирчиқ, Олмалиқ, Янгийўл, Оҳангарон шаҳарлари, Бекобод, Янгийўл, Бўстонлиқ ва Юқори Чирчиқ туманларида жами 21 тани ташкил қилади.  

– 2021-2022 йилларда куз-қиш мавсумига тайёргарликни март ойидан бошлаганмиз, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Б.Мелиев. 

– Шунинг учун жойларда барча йўналишлар бўйича муаммолар аниқланмоқда. Ўтган йили кўрилган тайёргарликларга қарамай, совуқ мавсум бошлангач, турли даражада авария ҳолатлари, иссиқлик таъминотида узилишлар содир бўлди. Шуни эътиборга олиб, 31 та қозонхона, 84 та қозон, 34,9 км иссиқлик тармоқлари жорий ва мукаммал таъмирланади. Биринчи галда малакали мутахассисларни кўпайтириш чоралари кўрилади.

Матбуот анжуманида ZOOM платформаси орқали онлайн тарзда қатнашган ОАВ вакиллари, аҳоли томонидан савол ва мурожаатлар тингланди. Жумладан, Оҳангарон шаҳрида яшовчи фуқаро Ойбекжон Ҳожимуродов уйнинг қурилиш ишларидаги камчиликлар юзасидан масъулларга мурожаат қилди. Шу бўйича тегишли мутасаддилар иштирокида масала жойида ўрганилди ва камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.  

Матбуот анжуманида журналистлар томонидан соҳага оид берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.    

 

А. Мусаев, ЎзА