Россиянинг Самара шаҳрида стол тенниси бўйича аёллардан таркиб топган жамоалар ўртасидаги мамлакат чемпионати Олий лигасида сўнгги 4-тур ўйинлари якунланди.
Унда Тошкент вилоятининг “Хванг Ман Гым-2” спорт клуби 4-тур якунларига кўра вице-чемпион бўлди. Мусобақада ушбу клуб таркибидан Римма Молоканова, Aсель Еркебаева, Aружан Камалова, Аделина Ҳасанова, Моҳира Абдуллаева жой олди. Уларга Aнвар Каримов мураббийлик қилди.
Мазкур мусобақада 18 та жамоа Россия чемпионатининг Суперлигасига йўлланма олиш учун 4 тур давомида ўзаро рақобатлашди. Қувонарлиси, ушбу беллашувларда “Хванг Ман Гым-2” спорт клуби ортда қолган 4 тур якунларига кўра Суперлигада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Шунингдек, Олий лигада икки нафар стол теннисчимиз энг яхши уч ўйинчи қаторидан ўрин олди ва ташкилотчилар томонидан пул мукофоти билан тақдирланди. Аниқроғи, мусобақа давомида ёрқин ўйин намойиш этган Аружан Камалова 1 минг 388 АҚШ доллари, Римма Молоканова эса 1 минг 111 АҚШ доллари пул мукофотига эга чиқди.
Энди Тошкент вилоятининг “Хванг Ман Гым-2” спорт клуби аёллар жамоаси Россия Суперлигасида иштирок этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА