Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг масъул мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан Тошкент вилоятидаги туман-шаҳарларда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Шу муносабат билан вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилнозахон Каттахонова ҳамда Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Султонбеков, Республика олий спорт маҳорати ёшлар мактаби директори Музаффархўжа Раҳматхўжаев томонидан ҳудудлардаги ёшларни қийнаётган масалаларни чуқур ўрганишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Президентимизнинг жорий йил 25 январдаги "Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида" ги фармони ижроси ўрганилди. Мулоқотда асосий эътибор штат бирликлари қисқариши натижасида ишдан бўшатилаётган ходимларни муносиб иш ўринларига жойлаштириш ҳамда вакант ўринларни туман-шаҳарлар кесимида таҳлил қилишга қаратилди. Шунингдек, жойларда ёшлар сиёсатини амалга ошириш, спортни ривожлантириш соҳасидаги муаммоларни ўрганиш орқали соҳани ривожлантиришга доир таклифларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Суҳбат давомида жойларга ишчи гуруҳи аъзолари бириктирилиб, уларга амалга оширилиши лозим бўлган масалалар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Шунингдек, вазирлик вакиллари Нурафшон шаҳридаги Ёшлар маркази фаолияти билан танишди. Ҳозир бу ерда шахмат клуби янгидан иш бошлаган. Бундан ташқари, компьютер, робототехника, ментал арифметика тўгаракларига болалар жалб этилган. Айниқса, ҳудуд ёшларини мунтазам ёритувчи "Ёшлар кундалиги" медиа лойиҳаси барчада катта таассурот қолдирди. Бу ерда ишлаётган ижодий ходимларнинг асосий қисми ҳудудда яшовчи йигит-қизлардир. Лойиҳа доирасида ташкил этилган “Ёшлар кундалиги” газетаси 1 йилдан буён вилоят бўйича тарқатилади. Вазирлик вакиллари иш жараёни билан танишиб, лойиҳа бўйича ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди.
Жойларда ўрганишлар давом этмоқда.


А.Мусаев, ЎзА.