Туризм манзиллари
Тошкент вилояти бой табиати, тарихий ёдгорликлари ва замонавий инфратузилмаси билан нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёда туризмнинг энг истиқболли ҳудудларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамшид Бабажанов Грузиянинг нуфузли консалтинг компанияси – “Reformatiks” вакили Отар Бердзенишвили билан учрашув ўтказди. Учрашувда Ўзбекистонда 2040 йилгача мўлжалланган миллий туризмни ривожлантириш стратегияси устида сўз борди. Мазкур жараёнда халқаро тажрибага эга “Reformatiks” компанияси фаол иштирок этиб, мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида, жумладан, Тошкент вилоятида ҳам ўрганишлар олиб бормоқда.

Амалга оширилган ушбу ташриф стратегик таҳлилнинг муҳим босқичи бўлиб, дастлабки натижалар вилоятнинг Ўзбекистон туризмини ҳаракатлантирувчи драйверга айланиш салоҳиятига эгалигини кўрсатмоқда. Шунингдек, ушбу компания 2017 йилдан буён Ўзбекистонда иқтисодиётни ривожлантириш соҳаларида илмий-амалий таҳлиллар олиб бормоқда.
Шу вақтгача икки маротаба оралиқ ҳисобот тақдим этилган бўлиб, уларда бир қанча йўналишлар асосий устуворлик касб этган. Хусусан, туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, хусусий сектор ва инвесторлар иштирокини кенгайтириш, меҳмонхона ва сервис хизматлари сифатини ошириш, тарихий обидалар ҳамда зиёрат масканларини сақлаш ва тарғиб қилиш, Тошкент вилоятини халқаро туризм харитасида фаол акс эттириш кабилардир.

Мулоқот давомида Ж.Бабажанов вилоятнинг туризм салоҳияти, қадимий тарихий обидалар, археологик ёдгорликлар, эко ва гастрономик масканлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шу билан бирга, сўнгги йилларда агротуризм ва тиббиёт туризми йўналишлари жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Якунида томонлар туристлар учун янада қулай шароитлар яратиш, сервис сифатини ошириш, рақамли туризм инфратузилмасини жорий этиш ва янги туризм маршрутларини ишлаб чиқиш масалаларида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришди.
Отар Бердзенишвили ўз навбатида, Тошкент вилояти Ўзбекистон туризм сиёсатида стратегик аҳамиятга эга ҳудуд эканини, бу ерда халқаро даражадаги туризм кластерларини шакллантириш учун барча имкониятлар мавжудлигини қайд этди.
А.Мусаев, ЎзА.