Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
16:39 / 2026-03-10

Бекобод туманида янги IT Park қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, туман ҳокими, турли ташкилотлар раҳбарлари, иқтидорли ёшлар иштирок этди.

Ушбу лойиҳа ҳудудда нафақат янги инфратузилмани, балки бутун бир замонавий рақамли муҳитни яратади.  Айниқса, ёшлар IТ йўналишлари бўйича билим,  ўқув хоналарида дастурлаш ва стартап лойиҳаларни амалга ошириш, сунъий интеллектдан тўғри фойдаланиш борасида  таълим олади.  

Тадбир қатнашчилари бинода яратилган шароитлар билан танишди.  

***

Чирчиқ Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида спортнинг камондан отиш тури бўйича катталар ўртасида Тошкент вилояти чемпионати бўлиб ўтди.

Мазкур мусобақада барча шаҳар ва туманлардан келган тажрибали спортчилар ўз маҳоратини намойиш этди. Ўзаро юқори даражадаги рақобат ва жозибали баҳслар барчада катта таассурот қолдирди.  

Чемпионат якунларига кўра, ғолиб ва совриндорлар аниқланди ҳамда улар Республика босқичига йўлланма олиш имкониятини қўлга киритди.

***

Тошкент вилоят божхона бошқармаси ҳамда ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент тумани ҳудудида тезкор тадбир ўтказилди.

Унда ҳудуддаги хонадонлардан бири холислар иштирокида кўздан кечирилди. Жараёнда 7 минг 961 қути сифати кафолатланмаган биологик фаол қўшимчалар ҳамда дори воситалари сақланаётгани аниқланди. Шундан сўнг хонадон эгасига тегишли бўлган автотранспорт воситаси кўздан кечирилганда, унда ҳам 6 минг 167 қути  сифати кафолатланмаган биологик фаол қўшимчалар ва дори воситалари борлиги аниқланди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2 миллиард сўмдан зиёд бўлган жами 13 минг 675 қути хорижда ишлаб чиқарилган биологик фаол қўшимчалар ва дори воситалари ашёвий далил сифатида олинди. Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

А. Мусаев, ЎзА