Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
10:55 / 2026-03-06

Дунёдаги энг гўзал туйғулар, эзгу ниятлар, аввало, мўътабар оналаримиз ва мунис опа-сингилларимиз номи билан боғланади. Олмалиқ шаҳридаги "Металлург" маданият саройида 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбир айнан ана шундай юксак эҳтиром руҳида ўтди.

Тадбирда шаҳар ҳокими Қобил Ҳамдамов сўзга чиқиб, барча хотин-қизларни баҳор айёми билан муборакбод этди. Ҳудуд аҳолисининг қарийб 53 фоизини хотин-қизлар ташкил этишини алоҳида таъкидлади. Қувонарлиси, фидокор аёлларнинг улуши тиббиётда 94 фоиз, таълимда 82 фоиз, иқтисодиёт ва саноатда эса 44 фоизни ташкил этмоқда. Шунингдек, 200 нафардан ортиқ раҳбар аёллар, 14 нафар фан доктори ва 18 нафар фан номзодлари илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Тадбирда жамият ҳаётида фаол ва ташаббускор бўлган, ўз соҳаси ривожи йўлида намуна кўрсатаётган бир гуруҳ хотин-қизлар фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Байрам тантанаси куй-қўшиқлар ва жозибали рақс дасталари билан янада файзли ўтди. Саҳна кўринишларида она сиймоси, баҳор гўзаллиги ва аёл нафосати тараннум этилиб, истеъдодли санъаткорларнинг чиқишлари барчага кўтаринки кайфият ва унутилмас лаҳзаларни туҳфа этди. Шўх куй ва рақслар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлаб, байрам завқини янада оширди.

***

Бўстонлиқ маданий мерос ва туризм техникумида “Келажак мутахассислари: меҳнат бозори эҳтиёжлари ва замонавий касбий таълим уйғунлиги” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унда Касбий таълим агентлиги директори А. Ҳусанов, вилоят касбий таълим бошқармаси бошлиғи Н. Кулбекова, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлик бўлими бошлиғи Андрин Финк, тизимдаги техникум директорлари ҳамда соҳа мутахассислари қатнашди.

Тадбирда замонавий меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш, касбий таълим сифатини ошириш ҳамда таълим жараёнини амалиёт билан уйғунлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, техникумда “Меҳмонхона хўжалигини бошқариш ва ташкил этиш” йўналиши талабалари учун замонавий стандартлар асосида жиҳозланган янги амалиёт устахонаси фойдаланишга топширилди.

***

Тошкент вилоятида ҳудудларни ободонлаштириш, тоза ва соғлом экологик муҳитни яратиш ҳамда маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетишни таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.  

Шу мақсадда хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 16 та замонавий электр-мотороллёр харид қилинди. Янги техникалар вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасида санитар хизмат кўрсатувчи “Тоза ҳудуд” корхонасига тантанали равишда топширилди.  

Электр-мотороллёрлар аҳолига бир қатор қулайликлар яратиб,  узоқ ҳудудларда яшовчи аҳолининг маиший чиқиндиларини тезкор ва самарали тарзда олиб чиқиб кетиш имконини беради. Бундан ташқари, улар йирик чиқинди ташувчи махсус техника кира олмайдиган тор кўчалар ва ички ҳудудларга ҳам кириш имконига эга. Бу  эса хизмат кўрсатиш қамровини кенгайтиришга ва аҳолининг мурожаатларини тезкор ҳал этишга хизмат қилади.

А. Мусаев, ЎзА