Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
17:40 / 2026-03-03

Тошкент вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси томонидан Чирчиқ шаҳрида барпо этилаётган қурилиш объектларида назорат тадбирлари ўтказилди.

Жараёнда биноларнинг лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлиги, қурилиш-монтаж ишлари сифати ҳамда фойдаланилаётган қурилиш материалларининг белгиланган меъёр ва стандартларга мослиги ўрганилди. Шунингдек, махсус синов лабораторияси томонидан бетон ва бошқа қурилиш материалларидан намуналар олиниб, уларнинг мустаҳкамлик даражаси ва техник кўрсаткичлари текширувдан ўтказилди.

Бу каби саъй-ҳаракатлар қурилиш объектларида сифат ва хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида изчил давом эттирилмоқда.

***

Бекобод туманида бош мия билан боғлиқ мураккаб операция муваффақиятли ўтказилди.  

Хусусан, туман тиббиёт бирлашмасининг малакали шифокорлари томонидан 1980 йилда туғилган С. Мамадалиевда мураккаб жарроҳлик амалиёти бажарилди. Операция давомида бош миянинг чап ярим шарида жойлашган қайталанувчи ҳажмли ҳосила — меланома олиб ташланди.

Ҳозир бемор реанимация бўлимида шифокорлар назорати остида. Асоратлар ўнг томонлама гемипарез ҳамда талваса хуружлари билан кечган бўлиб, шифокорларимизнинг фидокорона меҳнати ва тезкор ҳаракатлари натижасида операция муваффақиятли ўтди. Айни вақтда беморнинг аҳволи доимий назоратда бўлиб, зарур муолажалар олиб борилмоқда.

***

Тошкент вилояти ҳокими ташаббуси билан Тошкент давлат аграр университетида вилоят шоликор фермерлари учун ўқув машғулотлари бошланди.  

Шоличилик илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигидаги мазкур ўқув дастури қишлоқ хўжалигида замонавий ва самарали ёндашувларни жорий этиш, айниқса, шоличилик тармоғида юқори ҳосилдорликка эришиш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни мақсад қилади. Машғулотларда соҳанинг етук мутахассислари ва тажрибали олимлар томонидан долзарб мавзуларда маърузалар тақдим этилмоқда.

Жумладан, ўқув жараёнида сув тежовчи технологияларни амалиётга жорий этиш, жаҳон тажрибаси асосида шоли етиштиришнинг илғор усуллари, замонавий агротехник тадбирлар, шунингдек, шоли экинларида учрайдиган зараркунанда ва касалликларга қарши самарали курашиш чоралари ҳақида батафсил маълумотлар берилмоқда. Тингловчилар назарий билимлар билан бир қаторда амалий тавсияларга ҳам эга бўлиб, уларни ўз хўжаликларида қўллаш имкониятига эга бўлади.  

А. Мусаев, ЎзА