Бекобод туманида Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова билан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ҳамда уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Унда Тошкент вилояти ҳокимлиги вакиллари, “Ekvita Italiya” ташкилоти масъуллари, ҳудуднинг фаол аёллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Учрашув давомида хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, касб-ҳунар ўқув курсларини кенгайтириш, шунингдек, молиявий кўмак ва грант дастурларини йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, аёлларнинг иқтисодий мустақиллиги оила фаровонлиги, жамият тараққиёти ва юрт келажагининг муҳим омилидир.
***
Чирчиқ шаҳрида камондан отиш спорт тури бўйича Ўзбекистон чемпионати мусобақасининг тақдирлаш маросими ўтказилди.

Очилиш маросимида Тошкент вилоят ҳокимлиги, Миллий гвардия Тошкент вилояти бўйича бошқармаси, Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги, Чирчиқ ҳарбий прокуратураси, Тошкент вилоят спорт бошқармаси вакиллари, Камондан отиш федерацияси ва пара камондан отиш қўмитаси аъзолари, ҳакамлар ҳайъати, мураббийлар таркиби ва спортчи ёшлар иштирок этди.

Чемпионат давомида маҳоратларини намоён этиб келган спортчи ёшлар ҳакамлар томонидан баҳоланди. Улар ташкилотчилар томонидан медаллар, махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
***
Чиноз туман тиббиёт бирлашмасида ўрта тиббиёт ходимлари иштирокида семинар ташкил этилди.

Унда Президентимизнинг Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар, соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди. Шунингдек, тиббий хизмат сифатини оширишда ҳамшираларнинг ўрни, юқумли бўлмаган касалликларни эрта аниқлаш ва улар назоратини кучайтириш, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этиш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда DIMED ягона тиббиёт ахборот тизимининг имкониятлари ҳақида маълумот берилди. 2025 йилда соҳада амалга оширилган ишлар таҳлили, 2026 йил учун устувор вазифалар белгилаб олинди. Тадбирда вилоят, туман масъуллари ҳамда барча тиббиёт муассасалари катта ҳамширалари иштирок этиб, мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини алмашди.
А. Мусаев, ЎзА