Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
17:01 / 2026-02-24

Тошкент вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси томонидан Қуйи Чирчиқ тумани ҳудудида олиб борилаётган қурилиш объектларида мониторинг тадбирлари ўтказилди.

Жараёнда айрим объектларда тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритилиб, қурилиш-монтаж ишлари белгиланган лойиҳа талабларига зид равишда амалга оширилаётгани аниқланди. Хусусан, маиший хизмат биноси лойиҳасига мувофиқ иккинчи қават тўлиқ ойнаванд ҳолатда қурилиши белгиланган бўлса-да, амалда мазкур қисм ғишт билан ёпиб ташлангани қайд этилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида белгиланган тартибда буздириш ишлари олиб борилди.  

Шунингдек, яна бир қурилиш объектида бетон тайёрлаш ишлари давомида армакарказ тўқиш жараёнлари лойиҳа ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилмаган. Бу ҳолат юзасидан ҳам масъул шахсларга тегишли кўрсатмалар берилди ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

***

“Навоий” чегара божхона постига пиёда ҳолда кириб келган йўловчи ҳаракатларида шубҳа уйғотувчи ҳолатлар кузатилган ва божхона ходими томонидан фуқаро “Body scanner” қурилмаси орқали божхона назоратидан ўтказилган.

Шахсий кўрик натижасида фуқаронинг оёқ кийимлари остига яширилган, оғзаки сўровда маълум қилинмаган ҳамда йўловчи божхона декларациясида қайд этилмаган қиймати 316 миллион сўм, умумий оғирлиги 338 грамм бўлган қуйма олтин парчалари фош этилди. Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

***

Спортнинг байдарка ва каноэ тури бўйича U-18 ёш тоифалари ўртасида Тошкент вилояти чемпионати ўтказилди. Мазкур мусобақа ёшлар ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш, уларнинг маҳоратини ошириш ҳамда келажакда республика ва халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган спортчиларни саралаб олиш мақсадида ташкил этилди.

Чемпионат давомида вилоятнинг турли шаҳар ва туманларидан келган иқтидорли спортчилар ўзаро беллашиб, сув спорти йўналишидаги тайёргарлиги, чидамлилиги ва техник маҳоратини намойиш этди. Баҳслар қизғин ва муросасиз кечиб, ҳар бир йўналишда энг кучли спортчилар аниқланди.

Якунда ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.  

А.Мусаев,ЎзА