Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси томонидан Тошкент вилоятида кенг қамровли ўрганишлар амалга оширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган йиғилишда ўтган йил давомида ёшлар сиёсати йўналишида бажарилган ишлар ўрганишлар натижасига кўра таҳлил қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси раҳбари, Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш комиссияси раиси Қаҳрамон Қуронбоев, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Муҳокамаларда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, айниқса, ҳарбий хизматдан қайтганлар ва таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланди.
Шунингдек, ёшларга ер ажратиш амалиётини кенгайтириш, кооперация асосида даромадли лойиҳаларни йўлга қўйишнинг Тошкент вилояти тажрибасини яратиш, шунингдек, Наврўз умумхалқ байрами арафасида вилоятнинг барча ҳудудларида ёшлар сайлларини кўтаринки руҳда ўтказиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Учрашув якунида масъул раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш, ёшлар билан манзилли ишлаш самарадорлигини ошириш зарурлиги таъкидланди.

***
Чирчиқ шаҳрини комплекс ривожлантириш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари И.Норқулов, Тошкент вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари О.Турсунов, Чирчиқ шаҳар ҳокими М. Абдураҳимов ҳамда тегишли мутасаддилар иштирок этди. Шунингдек, халқаро ташкилотлар экспертлари қатнашди.
Учрашув давомида Чирчиқ шаҳри ва Чирчиқ дарёси соҳилини ривожлантириш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини ошириш, муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, инвестициявий жозибадорликни кучайтириш, замонавий шаҳарсозлик ечимларини жорий этиш ҳамда дарё соҳилини ободонлаштириш йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Якунда халқаро молия институтлари ва экспертлар билан ҳамкорликда аниқ таклиф ва ташаббуслар асосида комплекс мастер-режа ишлаб чиқишга келишиб олинди. Мазкур ҳужжат шаҳарнинг барқарор ва изчил ривожланишида муҳим дастурий асос бўлиб хизмат қилади.


***
Таҳлилларга кўра, 2025 йил Тошкент вилоятида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Оналик ва болалик Кенгашининг навбатдаги йиғилишида ана шу ишлар сарҳисоб қилиниб, жорий йил учун устувор вазифалар белгилаб олинди.


Унда оналик ва болалик йўналиши бўйича масъул ўринбосарлар,Туғруқ мажмуалари, Болалар бўлимлари раҳбарлари, бош доялар, соҳанинг масъул мутахассислари иштирок этди. Асосий эътибор бирламчи тизимда ҳомиладор ва туққан аёлларга хизмат сифатини яхшилаш, онкологик касалликларни эрта аниқлаш, янги ва чала туғилган чақалоқларга реанимацион ёрдамни кучайтиришга қаратилди.
Шунингдек, 42 нафар ҳудуд мутахассиси хориж давлатига малака ошириш учун юборилиши режалаштирилди. Тиббиёт муассасаларида коррупциянинг олдини олиш мақсадида аноним мурожаат қутилари жорий этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
А. Мусаев, ЎзА