Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Пискент туманини комплекс ривожлантириш, аҳоли учун замонавий ва қулай инфратузилмани амалга ошириш ишларини масъуллар иштирокида жойига чиққан ҳолда кўздан кечирди.
Ривожланиш дастури доирасида туманда сув етиб бормаган маҳаллаларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш, “Янги Пискент” боғини барпо этиш, “Бирлик” МФЙда 24/7 кўнгилочар ва замонавий сайёҳлик кўчасини ташкил этиш, туман марказини янгича қиёфага келтириш, кўп қаватли турар-жой биноларини қуриш, саноат зоналарини ташкил этиш ва бошқа кўплаб режаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Муҳими, туман марказини аҳоли яшаши ва дам олиши учун қулай, замонавий шаҳар муҳитига айлантириш, хизмат кўрсатиш ҳамда туризм соҳаларини ривожлантириш учун зарур инфратузилмалар яратилмоқда. Туманни комплекс ривожлантириш, саноат зонасини ташкил этиш, урбанизация жараёнларини жадаллаштириш, хизмат кўрсатиш ва туризм салоҳиятини оширишга қаратилган аниқ режалар бўйича масъуллар томонидан батафсил ахборот берилди.
***
Бекобод шаҳрида спортнинг бадиий гимнастика тури бўйича ёшлар ўртасида Тошкент вилояти чемпионати бўлиб ўтди. Мазкур мусобақа ёш спортчилар ўртасида иқтидорли гимнастикачиларни аниқлаш, уларнинг маҳоратини ошириш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилди.


Чемпионатда вилоятнинг турли ҳудудларидан келган ёш спортчилар ўзаро беллашиб, бадиий гимнастика бўйича ўзларининг чиқишлари, техник маҳорати ва саҳна маданиятини намойиш этди. Мусобақа якунларига кўра, энг яхши натижаларни қайд этган спортчилар ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди ҳамда диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ушбу чемпионат ёшлар ўртасида бадиий гимнастика спорт турини янада ривожлантириш ва келажакда республика ҳамда халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этадиган спортчиларни саралаб олишда муҳим аҳамият касб этади.
***
Италия давлатида бўлиб турган Тошкент давлат аграр университети проректори А.Абдувасиков “Tuscia universiteti”га ташриф буюрди. Унда мазкур олийгоҳ раҳбарияти билан учрашув ўтказилиб, ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Келишув профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, қўшма ва икки дипломли дастурлар, илмий лойиҳалар ҳамда академик мобиллик йўналишларини қамраб олади.


Шунингдек, делегация “Food and Agriculture Organization of the United Nations” ташкилотининг Рим шаҳридаги бош қароргоҳида “E-learning Academy” лойиҳаси доирасида ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Мазкур келишувлар Тошкент давлат аграр университети талабалари ва тадқиқотчилари учун халқаро ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиради.
А. Мусаев, ЎзА