Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
11:29 / 2026-02-18

Республика ва вилоят ишчи гуруҳи ҳамкорлигида “Жаҳолатга қарши маърифат билан” шиори остида ўтказилаётган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот тадбирлари Паркент туманида изчил давом этмоқда.

Мазкур ташаббуснинг бош мақсади аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, ёшларни турли ёт ғоя ва зарарли таъсирлардан асраш, жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлашдан иборатдир. Тадбирлар давомида маърифатнинг кучи, илм-фаннинг аҳамияти, миллий ва умуминсоний қадриятларимизни асраб-авайлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Унда давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ходимлари, таълим муассасалари ўқитувчилари, мураббийлар ва ўқувчи-ёшлар, маҳалла фаоллари, уюшмаган аҳоли вакиллари, хотин-қизлар ҳам фаол иштирок этмоқда. Фуқароларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилиб, долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилмоқда.Шунингдек, аҳолининг айрим тоифалари билан якка тартибдаги суҳбатлар ҳам ўтказилиб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилмоқда. Бу орқали ҳар бир фуқаронинг мурожаати эътибордан четда қолмаслиги таъминланмоқда.  

***

Товар-моддий бойликларни божхона назоратидан яширинча олиб киришга бўлган уринишларга қарши курашиш, шунингдек, яширин иқтисодиёт омилларини бартараф этиш борасида божхона органлари томонидан тизимли ишлар амалга ошириляпти.

Жумладан, “Яллама” чегара божхона пости ходимлари томонидан юртимизда фаолият юритаётган масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига олиб кирилаётган товарлар белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди. Ташкилотнинг ишончли вакили ҳамда холислар иштирокида ўтказилган кўрик давомида автомашина юкхонасида ҳужжатларда кўрсатилмаган, умумий қиймати 1 миллиард 440 миллион сўмлик 7 200 дона идиш борлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

***

Президентимиз топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида муборак Рамазон ойи муносабати билан Тошкент вилояти шаҳар ва туманларида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари фаолияти йўлга қўйилди. Мақсад — муқаддас ой олдидан аҳолини сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотлар билан таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Хусусан, Паркент тумани ҳокими Элмурод Пўлатов ҳудуд масъуллари иштирокида Паркент деҳқон бозорида ташкил этилган савдо жараёнини кўздан кечирди. Ярмаркада асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари аҳоли учун арзонлаштирилган нархларда таклиф этилмоқда. Масъуллар томонидан нарх-навонинг барқарорлиги, маҳсулот сифати ҳамда савдо тартибига риоя этилиши юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА