Мамлакатимизда “Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни” муносабати билан “Илм ва аёл: барқарор жамият сари” мавзусида ҳафталик тадбирлар ўтказилмоқда. Мазкур ҳафталик доирасида Тошкент вилоятининг барча ҳудудларида турли маънавий-маърифий тадбирлар ва интеллектуал танловлар ташкил этилди.

Хусусан, “Илмли аёл — жамият кўзгуси”, “Таълим эгаларидан бўлинг!”, “Заковат”, “Билимдон қиз”, “Билимдон аёл” каби танловлар хотин-қизлар ўртасида катта қизиқиш уйғотди. Ушбу тадбирлар орқали иштирокчиларнинг билим даражаси, тафаккури, дунёқараши ва интеллектуал салоҳияти синовдан ўтказилди.

Ҳафталик тадбирларининг асосий мақсади қизларимизни илм олишга, изланишга, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга, ўз устида мунтазам ишлашга ундашдан иборатдир. Тадбирлар давомида турли фан йўналишларида юқори натижаларга эришган олима аёллар, иқтидорли қизлар рағбатлантирилди.
***
Тошкент вилоят божхона бошқармаси раҳбарлигида Оҳангарон туманидаги "Zalal Mowafaq FZ" заводи фаолияти билан боғлиқ сайёр учрашув бўлиб ўтди. Бу завод томонидан салқин ичимликлар ишлаб чиқаришда энг юқори стандартлар белгиланган.
Лойиҳа тўлиқ хусусий инвестициялар ҳисобига амалга оширилиб, 60 миллион доллардан ортиқ маблағ киритилди. Учрашувда Президентимизнинг 2025 йил 17 декабрдаги "Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги фармони мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Хусусан, тадбиркорларга яратилган қулайликлар ва янги имкониятлар, "Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими орқали хомашё ва материалларни олиб кириб ишлаб чиқариш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш, ортиқча харажатларни қисқартириш имкониятлари айтилди. Шунингдек, божхона органлари инвестиция лойиҳаси доирасида импорт қилинадиган ускуналар ва технологияларни расмийлаштириш, божхона имтиёзлари ҳамда қонунчилик талаблари юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.

***
Тошкент вилоят ёшлар ишлари бошқармаси ҳамда Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Ўзбекистон Болалар ташкилоти Тошкент вилоят бўлими ташаббуси билан “Болалар ҳаракати” сардорлари “Ҳарбий қисмда бир кун” лойиҳаси доирасида ҳарбий ҳаёт билан яқиндан танишди.

Улар ҳарбий хизмат тартиб-қоидалари, интизом, жасорат ва ватанпарварлик муҳитини бевосита ҳис этиб, чинакам ҳарбийча ҳаёт тажрибасига эга бўлди. Охирги йиллар жойларда бу каби амалий учрашувлар кўп марта ташкил этиляпти. Бунинг натижасида ҳудуд ёшлари ҳарбий соҳанинг масъулияти, машаққати ва шарафли эканини ҳис қилмоқда.

А. Мусаев, ЎзА