French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
18:25 / 2026-02-12

Тошкент туманида ҳозир 100 га яқин иссиқхона фаолият юритиб, уларда помидор, бодринг, булғори қалампири, қулупнай ҳамда турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўчатлари парвариш қилинмоқда. Ушбу меҳнат маҳсули нафақат ички бозор расталарини тўлдирмоқда, балки экспорт йўллари орқали чет давлатларга ҳам йўл олмоқда.

Хусусан, “Муҳаммад ишонч агро” ташкилотига тегишли замонавий иссиқхона бунинг яққол намунасидир. Бу ерда етиштирилаётган бодринг ва помидор кўчатлари юқори агротехник талаблар асосида парваришланади. Маҳсулотлар юртимиз деҳқонларига етказиб берилиши билан бир қаторда хорижий бозорга ҳам экспорт қилинмоқда. Ҳар бир ниҳол ортида пухта режа, замонавий технология ва фидокорона меҳнат мужассам.

Маҳсулотларнинг экспортга йўналтирилишида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги туман бўлими инспекторларининг ўрни алоҳида. Лаборатория хулосалари асосида фитосанитария сертификатлари расмийлаштирилиб, маҳсулотлар белгиланган тартибда хорижга жўнатилмоқда. Бу эса сифат, хавфсизлик ва халқаро талаблар тўлиқ таъминланаётганини англатади. Маълумот учун, 2026 йил январь ойининг ўзида туман агентлик инспекторлари томонидан 660 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун фитосанитария сертификатлари расмийлаштирилиб, экспортга йўналтирилди.

***

Бекобод туманида сув ресурсларидан тежамкор фойдаланиш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш масалаларига бағишланган ўқув- семинар ўтказилди.

Унда вилоят ва туман прокуратураси масъуллари, Чирчиқ–Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси раҳбарияти ҳамда юздан ортиқ фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди. Семинар давомида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш, эгилувчан қувурлар ҳамда плёнка тўшаш усулларининг афзалликлари тушунтирилиб, уларнинг сув сарфини камайтириш ва ҳосилдорликни оширишдаги аҳамияти мисоллар билан ёритиб берилди.

Шунингдек, иштирокчиларга Президентимизнинг 2026 йил 5 февралдаги "Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ги қарори мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди. Хусусан, мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар, сувни ҳисобга олиш ва тежашга қаратилган янги талаблар, шунингдек, уларни амалиётга татбиқ этиш механизмлари бўйича аниқ тушунчалар берилди.

Қайд этилганидек, айни пайтда туманда 182 гектар майдонда ёмғирлатиб, 260 гектарда томчилатиб суғориш, 140 гектарда эгилувчан қувурлар ва 260 гектарда плёнка тўшаш технологиялари жорий этилган. Йил якунига қадар яна 5 минг гектардан зиёд майдонда сув тежовчи технологияларни қўллаш режалаштирилган. Бундан ташқари, насос станцияларида қуёш панелларини ўрнатиш ишлари ҳам изчил давом этмоқда.

***

Бугунги кунда барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизим яратилди. Жойларда ўтаётган сайёр қабуллар халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда шак-шубҳасиз кутилган натижаларни бермоқда.

Хусусан, Охангарон тумани “Қорахитой” МФЙ ҳудудида навбатдаги сайёр қабулда Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилоят бошқарма бошлиғи  О.Бозоров томонидан мурожаатчилар қабул қилинди.

Унда асосан алимент, қарз ундириш, алимент натижасида қўйилган тақиқни ечиш ва бошқа турдаги ижро ҳужжатлари билан боғлиқ масалалар бўйича мурожаатлар ўрганилди. Улар қўшимча ўрганиш учун назоратга олиниб, ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Бундай сайёр қабуллар аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш, мурожаатларни ўз вақтида ҳал этиш ҳамда фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.  

А. Мусаев, ЎзА