Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
16:50 / 2026-02-11

Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар оромгоҳи”да “Антинарко ёшлар фронт-офислари” ҳудудий координаторлари учун ўқув-семинар бўлиб ўтмоқда. Ўқув машғулотлари ёшлар орасида гиёҳвандликка қарши курашни кучайтириш, волонтёрлар фаолиятини тизимли йўлга қўйиш ҳамда ҳудудий фронт-офислар салоҳиятини оширишга қаратилган.

Семинар давомида иштирокчилар гиёҳвандликка қарши давлат сиёсати, ҳуқуқий ва психологик профилактика, виртуал макондаги наркотаҳдидларга қарши чоралар, СММ ва замонавий тарғибот механизмлари бўйича назарий ва амалий билимларга эга бўлади. Машғулотларда Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, соғлиқни сақлаш тизими вакиллари ҳамда соҳа экспертлари иштирок этмоқда.

Мазкур саъй-ҳаракатлар орқали мактаб ўқувчилари ва талабалар орасида гиёҳвандликка қарши самарали, барқарор тизимни шакллантириш чоралари кўрилади. Шу билан бирга, фронт-офис координаторларининг асосий вазифалари ва фаолият олиб бориш механизмларини тушунтиришдир.

***

Оҳангарон тумани тиббиётида яна бир муҳим ютуқ қайд этилди. Илк бор юқори мураккабликка эга бўлган жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилиб, 12 ёшли бемор оғир хасталикдан фориғ бўлди.

Мазкур операция Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий текширув марказининг тажрибали мутахассислари ҳамда маҳаллий шифокорлар ҳамкорлигида амалга оширилди. Жарроҳлар томонидан беморда аниқланган кўкрак қафаси нуқсонини бартараф этиш мақсадида замонавий тиббий усуллар қўлланилди.

Хусусан, кўкрак қафасини НУСС усули бўйича ёпиқ репозиция қилиш ҳамда ЛСП пластина ёрдамида металлостеосинтезлаш каби мураккаб жарроҳлик амалиёти юқори аниқлик ва профессионал маҳорат билан ўтказилди. Қувонарлиси, ушбу мураккаб операция муваффақиятли якунланиб, беморнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда.  

***

Шу кунларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Р.Маткаримов бошчилигидаги делегация Жанубий Кореянинг Геонгсанг Миллий университетида хизмат сафарида бўлиб турибди.

Асосий мақсад  Жанубий Корея олий таълим муассасалари билан таълим ва спорт соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришдир. Делегация хизмат сафари доирасида дастлаб Бутунжаҳон таэквондо ассоциацияси ҳамда Таэквондо спорт турини тарғиб қилиш маркази раҳбарияти билан учрашув ўтказди.

Томонлар Ўзбекистонда таэквондо спорт турини ривожлантириш бўйича ҳамкорликда амалга ошириб келинаётган лойиҳалар кўламини янада кенгайтириш, талабалар ва спортчилар алмашинуви дастурларини йўлга қўйиш каби масалаларни муҳокама қилди. Ўзаро ҳамкорлик алоқаларини изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришилди.  

Абдилазиз Мусаев,ЎзА