Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи ҳудудларида ёввойи ҳайвон ва қушларни қўшимча озиқлантириш мақсадида биотехник тадбирлар амалга оширилди.
Унда миллий боғ инспекторлари томонидан жами 125 килограмм туз, 180 килограмм арпа, 200 килограмм кепак ва 400 килограмм пичан маҳсулотлари тоғлардаги катта харсанг тошлар ораси ва таг қисмидаги қуруқ жойларга, дарахтларнинг атрофларига сепилди. Қорнинг қалинлиги 40-50 сантиметр, тоғларнинг юқори томонларида эса 70-80 сантиметр ва ундан ортиқни ташкил этади.
Қиш фаслида ўсимликлар ва тупроқда етарли миқдорда туз бўлмагани сабабли ҳайвонлар керакли миқдордаги витаминларни олмайди. Бу саъй-ҳаракатлар эса келгусида ҳайвонот оламининг сон жиҳатдан ортиши ва яшаб қолишига хизмат қилади.


***
Зангиота туманида “Алишер Навоий боғи” тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокимлиги мутасаддилари, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Янги бунёд этилган боғ марказида буюк шоир ҳайкалининг тантанали очилиши йиғилганлар учун чинакам маънавий байрамга айланди. Тадбирда Алишер Навоий меросининг халқимиз маънавий ҳаётидаги беқиёс ўрни, унинг бебаҳо адабий асарлари, инсонпарварлик, ватанпарварлик ва комилликка чорловчи юксак ғоялари ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Шунингдек, мазкур боғ келгусида ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, шунингдек, турли маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш учун файзли маскан бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

***
Тошкент денгизида 2012–2013 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида спортнинг академик эшкак эшиш тури бўйича вилоят ҳокими кубоги мусобақаси бўлиб ўтмоқда.
Мусобақада ҳудудларидан келган ёш спортчилар иштирок этиб, ўз маҳорати ва жисмоний тайёргарликларини намоён этмоқда. Беллашувлар юқори рақобат ва кўтаринки руҳда ўтиб, болалар ва ўсмирлар ўртасида спортга бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилмоқда.


Абдилазиз Мусаев, ЎзА