Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон болалар ташкилоти “Болалар ҳаракати” сардорлар сайловининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди. Тошкент вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси, Ўзбекистон болалар ташкилоти ҳамда Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши билан биргаликда ташкил этилган жараёнларда номзодлар “Мен сардор бўлсам” мавзусидаги тақдимотлари билан иштирок этди.
Тадбир давомида улар ёшлар иштирокида амалга оширишни режалаштирган ташаббус ва лойиҳалари, шунингдек, шу кунгача эришган ютуқлари ҳақида батафсил маълумот берди. Сайлов якуний натижаларига кўра, иштирокчилар орасидан вилоят сардорлари сайланди.

***
Тошкент давлат аграр университети олимлари томонидан яратилган янги “Ўзбегим” грейпфрут нави Адлия вазирлигининг Селекция ютуқлари давлат реестрида рўйхатдан ўтказилди.
Узоқ вақт давомида грейпфрут фақат четдан келтириладиган экзотик мева ҳисобланади. “Ўзбегим” нави эса – маҳаллий селекционерларнинг кўп йиллик заҳматли меҳнати маҳсулидир. Янги нав республикамиз иқлим шароитларига тўлиқ мослаштирилган бўлиб, у маҳаллий селекция соҳасидаги ютуқлардан бири ҳисобланади. Селекция ютуғи янгилик, фарқланиш, турдошлик ва барқарорлик мезонларига жавоб берса, у ҳуқуқий муҳофаза қилинади.


***
Тошкент вилояти спорт бошқармаси биносида Карате-WKF ассоциациясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят спорт бошқармаси вакиллари, мураббийлар ҳамда спортчилар иштирок этди.
Йиғилишда Карате-WKF спорт турини вилоят ҳудудида кенг тарғиб этиш, ёш спортчиларни халқаро мусобақаларга тайёрлаш, уларнинг маҳоратини ошириш ва спортнинг оммавийлигини янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.


Кун тартибининг асосий масаласи сифатида Тошкент вилояти Карате-WKF ассоциацияси бош мураббийсини тайинлаш кўриб чиқилди ва Хуршид Шодибеков вилоят ассоциацияси бош мураббий сифатида расмий эълон қилинди.
А.Мусаев, ЎзА.